Рахит фақат кичик ёшдаги болаларда учрайдиган касалликдир. Бу хасталик бола организмида “Д” витамини етишмаслиги натижасида келиб чиқади.
“Д” витамини бола организми учун қандай аҳамиятга эга?
Бола ҳаётининг дастлабки биринчи йилларида тез ўсади. Суякнинг ўсиши учун организмга калсий ва фосфор элементлари зарур бўлади. “Д” витамини организмда калсий ва фосфорнинг ичакдан сўрилиши, уларнинг суяк, мушак ва бошқа аъзо тўқималарига етиб боришини бошқаради. Агар организмда “Д” витамини етишмовчилиги кузатилса, боланинг калсий ва фосфор элементларига бўлган эҳтиёжи қондирилмайди. Бу касаллик кўпроқ кеч куз ва қиш ойларида туғилган болаларда ривожланиши мумкин. Сабаби, “Д” витамини организмда қуёшнинг ултрабинафша нурлари таъсири остида ҳосил бўлади. Шу фаслларда туғилган бола учун қуёш нури етарли бўлмайди. Шунинг учун, шифокор бу вақтда туғилган болаларга “Д” витаминини тавсия этади.
“Д” витамини етишмаслиги нималарга олиб келади?
- Суяклар юмшашига;
- мушаклар, бўғимлар бўшашига;
- иммунитет пасайишига;
- камқонлик ривожланишига олиб келади.
Бунинг оқибатида бола:
- анча вақтгача боши ва гавдасини тута олмайди;
- лиқилдоғи юмшаб кетади ҳамда жуда секин битади;
- тишлари жуда кеч ёки тартибсиз чиқа бошлайди;
- турли хил юқумли касалликларга берилувчан бўлиб қолади.
- бошнинг пешона қисми олдинга, энса қисми эса орқага туртиб чиқади;
- умуртқа поғонаси букчайиб қолади;
- кўкрак қафаси пастга қараб кенгайиб кетади;
- оёқ “Х” ёки “О” шаклида қийшайиб кетади;
- болаларда ясси оёқлик ривожланиши мумкин.
Болаларда рахит касаллиги борлигини қандай аниқлаш мумкин?
Дастлаб:
- боланинг уйқуси бузилади;
- бола кўп терлайди;
- нотаниш товуш ёки чироқ ёқилиши каби таъсиротлар ҳам болани чўчитиб юборади;
- баданига тошма тошади;
- бошини ёстиққа кўп ишқалайди;
- бошининг энса қисмида соч йўлакча шаклида тўкилади;
- бола безовталанади ва инжиқ бўлади.
Оналар диққатига!
Болам касалликка чалинмасин десангиз:
- ҳомиладорлик давридан бошлаб тайёргарлик кўринг. Албатта, ҳар куни қуёш нурида сайр қилинг;
- болага ҳар куни “Д” витаминига бой озиқ-овқатларни, жумладан, мол гўшти, айниқса, балиқ, тухум ҳамда жигар маҳсулотларини истеъмол қилдиришга ҳаракат қилинг;
- албатта, калсийга бой озиқ-овқат маҳсулотларидан истеъмол қилинг. Буларга сут ва сут маҳсулотлари, петрушка, туршак, ловия, хурмо, кўк пиёз киради;
- болани 6 ойгача фақат она сути билан парвариш қилинг. Бундан она, албатта, “Д” витаминига бой озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиши зарур. Она организмида қанчалик “Д” витамини кўп ҳосил бўлса, она сутида ҳам унинг миқдори кўпаяди;
- болага қўшимча овқатни “Д” витамини ва калсийга бой озиқ-овқат маҳсулотларидан тайёрланг;
- болани ҳар куни ташқарида сайр қилдиринг;
- болани қуёш ва ҳаво ванналарини қабул қилишга одатлантиринг. Бунинг учун энг қулай вақт эрталаб соат 10 дан 12 гачадир. Бу усуллар болани чиниқтириш билан бирга, организмда “Д” витамини ишлаб чиқилишини кучайтиради.