Боланинг ривожланишида мактабгача бўлган даври жуда муҳим ўрин эгаллайди. Бу даврда боланинг жисмоний, ахлоқий, психологик саломатлиги шаклланади ва ақлий ривожланиш қобилиятлари такомиллашади. Болани келажакда омадли ва ақлли ёки истеъдодли бўлишини истаган ота-она унинг ривожланишига айнан шу даврдан бошлаб аҳамият бермоғи лозим.
Мактабгача ёшдаги бола учун энг муҳим нарса - бу жисмоний ривожланиш. Жисмонан актив, ҳаракатчан ва эмоционал болаларнинг ақли, нутқи, фикрлаш қобилияти, мантиқ ва хотираси тезроқ ва мукаммалроқ ривожланади.
Китоб ўқиш. Бола билан бирга китобнинг расмларини таҳлил қилиб ўқиш, китобдаги эртакнинг мазмунини болага ўйин тарзида қайта гапиртириш, ўйинчоқларига китобнинг мазмунини айттириш жуда фойдали ва қизиқарли машғулот.
Чизиш. Болалар одатда чизишни жуда яхши кўрадилар. Лекин уддалай олишмаса хафа бўлиб чизмай қолиши ҳам мумкин. Болага қаламнинг ўрнига қўлларида чизишни таклиф қилиб кўринг. Краскага қўлларини ботириб истаган нарсаларини чизаётган бола жуда завқланади (ҳаммаёқ краска бўлиб кетишини инобатга олинг). Ёки чала чизиш машғулотини қўлланг. Бунда сиз болага бирон бир нарсани охирига етказмасдан чизиб берасиз. Боланинг ўзи эса уни тугатиб қўйиши керак бўлади. Масалан, сиз айлана чизиб бериб, боладан уни тугатиб қўйишини сўранг. Шунда бола айланадан нима чизиш мумкинлиги ҳақида фикр юритади.
Пузл. Пузл ясаш бола хотирасини ривожлантирувчи жуда фойдали машғулот. Бола яхши кўрган расмлардан унга пузл олиб беринг ёки ўзингиз ясаб беринг.
Болалар доминоси. Эртаклар қаҳрамони акс эттирилган доминоларни болангиз билан бирга ўйнаб, баъзида унга ютқазиб турсангиз бола жуда завқ билан ўйнайди. Ўйин давомида эса у ақлан ривожланади. Болалар доминосини ўзингиз ҳам ясасангиз бўлади.
Шер ёдлаш. Боланинг хотирасини ривожлантириш мақсадида ҳар куни битта кичик шер ёдлатинг. Эртаси куни кечагисини эслаттириб, янгисини ёдлаттирсангиз бўлади.
Сўзларни топиш. Кўчада айланиб юрганда ёки уйда болага атрофда кўринаётган буюмларнинг биринчи ҳарфини айтинг. Қолганини ўзи топсин. Бу машғулот болани фикрлаш қобилиятини кучайтиради.
Энг асосийси, болани ўйин тарзида ривожлантириш керак. Дарс қилгандек уни мажбурлаб ривожлантириш ижобий натижага олиб келмайди. Мактабгача бола қанчалик яхши ҳар томонлама ривожлана олса, кейинчалик шунчалик осон аъло ютуқларга эриша олади.