Боғча ёши

Болани тувакка ўргатиш

Тажрибали оналар болалар эмаклашни, юришни, гапиришни қачон бошлашини аниқ билади, бироқ тувакка ўргатиш жараёни қандай ёшда осон кечиши ҳақида кўпчилик билмайди.

Хўш, тувакка ўргатишни қачон бошлаган маъқул? Бу борада қандай усуллар мавжуд?

Мутахассислар таъкидлашича, бовул қилишни ихтиёрий равишда ушлаб туришга бола бир ярим ёшларда қодир бўла бошлайди. Ушбу даврда бола ўз танаси ва унинг имкониятларини фаол равишда ўрганади.

Шу пайтда болаларга тувакка ўтиришни таклиф қилиб кўриш мумкин. Бироқ бола ҳали бир жойда узоқ ўтира олмаслиги туфайли тувакдан доимий фойдаланишга ўргатиб бўлмаслик мумкин.

Мутахассислар болани 10—13 ойлигида тувакка ўргатишни тавсия қилмайди. Гап шундаки, бу ёшда уларда кризис даври юзага келиб, улар мустақил бўлишга интилади, тақиқлар ва мажбурлашларга қарши бош кўтаради.

Бироқ 2 ёшли болалар билан тил топишиш осонроқ, чунки улар нутқни тушунади, уларга ҳожатга қаерга ва нима учун чиқиш кераклигини тушунтириш мумкин.

Как-приучит-ребенка-к-горшку1

Болани тувакка ўргатиш жараёнини тезлаштирувчи ва осонлаштирувчи баъзи тавсиялар билан қуйида танишишингиз мумкин:

  • Тувакка ўргатишни бошлашингиз билан, болага таглик кийгизишни тўхтатиш лозим.
  • Тувак доим кўзга кўринадиган ва қўл йтадиган жойда (масалан, болалар хонаси полида) туриши лозим: бола у билан танишсин, истаган вақтида ўтириб кўрсин.
  • Болага тувакка ўтиришни таклиф қилишда унинг нима учун кераклигини тушунтириш лозим.
  • Ҳар сафар содир бўлган “бахтсиз ҳодиса”дан сўнг болага ширинсўзлик билан бунинг учун тувак борлигини эслатинг. Ҳафсалангиз пир бўлганини билдиринг, бироқ болани ҳеч ҳам уришманг ва уни тувакка ўтиришга мажбурламанг. Акс ҳолда у тувакни ёмон кўриб қолиши мумкин.
  • Бола тувакдан тўғри фойдаланса, уни мақтанг ва бошини силаб эркалаб қўйинг, шунда фарзандингизда тувакни ишлатиш бўйича ёқимли таассурот қолади.
  • Бола ҳар сафар уйқудан турганида ва овқатланиб бўлганидан сўнг, тувакка ўтқизинг.
  • Ҳожатга чиқиш учун тинчланиш зарур. Стрессли ҳолатда, бегона кишилар олдида бола безовталаниши ва ҳожатга чиқа олмаслиги мумкин. Тувакка ўргатишда бундай вазиятларни ҳам назардан қочирманг.