Болани ухлатиш жуда осон иш эмас. Бола қанчалик чарчаган бўлмасин, кўпинча ухлатишга қаршилик кўрсатади. У ўйин ва бошқа унинг учун қизиқарли бўлган фаолиятларга, қолаверса, ота-онасига тўйиб олишни хоҳлайверади.
Ота-она болани ухлатишда асосан 6 хатога дуч келар экан. Айнан шу хатолар болани ухлатишда қийинчиликлар туғдириб беради.
1. Болани жуда кеч ухлатиш.
Баъзи ота-оналарнинг болани ўз вақтида ухлатишга вақти бўлмайди, баъзида мактаб ёшидаги болалар дарс ва тўгараклар туфайли ўйнашга вақти қолмай кечқурун ўйнаб тунга яқин ётишга одатланади. Яна бир турдаги ота-оналар бола кўпроқ чарчаса яхши ухлайди деб, болани жуда кеч ухлатишни афзал кўрадилар.
Натижада бола уйқуга тўймайди, уйқуга тўймаслик эса боланинг соғлом ўсиб ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Иккинчи томондан, ухлатиш туфайли бола билан уруш ва жанжаллар икки томонни ҳам чарчатиб юборади.
Ечим: болани ҳар куни бир вақтда, эртароқ ухлатишни одат қилиб олинг. Эрта ухлаган бола, эрта уйғониб кун мобайнида тетик бўлади ва асабийлашмайди. Ҳар куни бир вақтда ётишга ўрганган бола организми ҳам бориб-бориб айнан шу вақтда уйқуга кетишга одатланади.
2. Ухлаш учун қўшимча воситалардан фойдаланиш.
Болага мультфильм қўйиб бериб ухлатиш кўпчилик хуш кўрадиган ҳолат бўлса керак. Бола мультфильм кўриб ётгунча ота-она кундалик ишларини қилиб олишлари мумкин. Ҳозирги кунда телевизордан ташқари мобиль телефонлар, радио, ҳар хил ўйинчоқлар ҳам ухлатиш воситасини бажариб келмоқда.
Бундай ухлашга ўрганиб қолган бола, катта бўлганида ҳаётида бирон стресс юз берганда уйқусизликка дуч келиши ва ухлаш учун бирон сунъий воситага зор бўлиши эҳтимоли бор.
Ечим: Бола ухлаётганда тинч жойда, атрофида уни чалғитувчи бирон виситасиз, ҳеч қандай электрон буюмсиз қоронғуликда, ухлашга ўрганиши керак. Бола учун тим қоронғулик эмас, болалар учун махсус тун ёриткичлари ёқилган ҳолдаги қоронғулик тавсия этилади.
3. Ухлаш маросимини ташкил қилмаслик.
Ўйин-кулги, чопиш ёки мультфильм кўришдан сўнг бола бирданига кўзини юмиб ухлаб қолиши қийин. Уни уйқига аста секин тайёрлаш керак. Чопиб турган жойидан уни олиб караватга ётқизиб "ухла", дейишдан ҳеч қандай натижа чиқмайди. Бола асабийлашади, холос. Ҳатто катталарга ҳам ухлаш маросими талаб этилади.
Ечим: Ҳар куни бир хил ухлаш маросимини ташкиллаштириш лозим. Тун кийимини кийиш, тиш ювиш, тунги эртак эшитиш ёки бўлмаса ота-онага ҳайрли тун тилаш каби маросимлар боланинг асабларини тинчлантириб, унинг организми уйқуга тайёрланишига ёрдам беради. Бу маросимлар бола актив кун фаолиятидан аста секин чиқиб, уйқуга кетишига ёрдам беради.
4. Чарчатиш.
Бир ота-она боласи ухлаб қолиши учун машинага ўтказиб айлантирар экан. Бола машинада чайқалавериб ухлаб қолар экан. Яна бир мисол, ота-она боласи ухлаши учун уйқудан олдин уни чарчаши учун жисмонан активлаштирар экан. Чоптиради, сакратади ва ҳоказо. Натижада эса бола нафақат ухлашни истамайди, балки организмида активлик учун жавобгар гормонлар кўпайиши натижасида ухлай ҳам олмайди.
Ечим: Фаолият болани ухлатмайди. Уйқудан олдин ҳар қандай жисмоний активликни камайтириш зарур. Тинчлантирувчи ўйинлар, суҳбат ёки китоб ўқиш ухлаш вақти келишидан олдин энг яхши фаолият.
5. Бир жойда ухламаслик.
Катталарнинг кўпчилиги ўзини караватидан бошқа жойда ухласа яхши ухлай олмайди. Болалар ҳам шундай эканлигини унутмаслик керак. Бир кун опасини хонасида, бир кун кўрпачада, эртаси куни диванда ухлаб қолган бола уйқуга кетишда доим қийналади.
Ечим: Бола учун унинг шахсий ухлаш жойи бўлиши керак. Бу жойда у фақат ухлаши лозим. Шунда бу жой унда уйқу рефлексини уйғота олади. Тоза, шинам, болани чалғитмайдиган ухлаш жойида ҳар куни ухлаган бола, жойига кирганда уйқуга кетишга одатланиб қолади.
6. Мос бўлмаган караватда ухлаш.
Ота-онанинг кўзига чиройли кўринган ёнғоқ дарахтидан ясалган катта каравот, чиройли сиёхранг гуллар билан безатилган тўшак чойшаплари ёки залда турган қизил диван боланинг ухлаши учун энг ёмон жой бўлиши мумкин. Ёшига, танасига мос бўлмаган ухлаш жойи болага ноқулайлик келтиради. Ундан ташқари кундузи телевизор кўрилган диванда тунда бола ухлашга қийналади, чунки организми рефлексив ҳолда телевизор кўришга интилади.
Ечим: Бола учун қулай, ёшига мос ухлаш жойи бўлиши керак. Тўшак чойшапларининг ранглари тинчлантирувчи, бежирим бўлгани яхши. Имкон қадар боланинг ухлаш хонаси ўйин ва телевизор хонадан алоҳида бўлгани даркор.