Петербурглик жамиятшунослар оиладаги ва боланинг атрофидаги қандай омиллар унинг ўзлаштириш даражасига таъсир қилишини аниқлаб ҳайратланарли хулосаларга келди.
PISA (Programme for International Student Assessment) ва TIMSS (Trends in Mathematics and Science Study) халқаро қиёсий тадқиқотлар экспертлари таъкидлашича, “оилавий маданий капитали юқори бўлган оилаларнинг фарзандлари таълимда анча юқори натижаларни намоён қилади”.
Аммо Санкт-Петербург Олий иқтисодиёт мактаби филология фанлари номзоди Ольга Сачава раҳбарлигидаги жамиятшунослар гуруҳи ўтказган тадқиқотнинг илк натижалариёқ боланинг ўзлаштириш даражаси маданият даражаси ёки оиланинг даромадига боғлиқлиги ҳақидаги фикрларни рад этди. Маълум бўлишича, на маданият даражаси, на маиший қулайликлар, на жавондаги китоблар сони, на репетитор учун пулнинг мавжудлиги боланинг ўзлаштириш даражасига бевосита таъсир қилади.
Мактабдаги муваффақиятларга буви ва боболар билан мулоқот, оилавий қадриятлар, оилавий байрамлар, ота-онанинг ўз-ўзидан қониққанлик ҳисси ва касбий жиҳатдан ўз-ўзини кашф этиши кўпроқ таъсир ўтказади. Аввал ҳеч ким эътибор қаратмаган омиллар муҳим бўлиб чиққани тадқиқотчиларни ҳайрон қолдирди.
Маълум бўлишича, аъло ва яхши баҳоларга ўқийдиган ўқувчиларнинг 50 фоизи бобоси ва бувиси билан битта уйда яшайди. Шу билан бирга, болалар қаерда — ошхона столи ёки ёзув столи устида дарс қилиши муҳим эмас. Шунингдек, уларнинг коммунал ёки алоҳида хонадонларда яшаши ҳам аҳамиятга эга эмас: Петербургнинг эски туманларидаги коммунал хонадонларда яшайдиган аълочилар ва уч баҳога ўқийдиган ўқувчиларнинг улуши тенг.
Бироқ уччиларнинг 40 фоизи бобо ва бувилари билан умуман кўришмайди.
73 фоиз аълочиларнинг оилаларида 200 дан ортиқ китоб сақланади, аммо 75 фоиз уччиларнинг оилалари ҳам уларнинг уйидаги кутубхона 100 та китобдан иборат эканлигини айтди. Аълочиларнинг 5 фоизи ва уччиларнинг 6 фоизининг оилалари катта кутубхонага эгалик қилади.
Бундан ташқари, аъло ва яхши баҳога ўқийдиган бошланғич мактаб ўқувчиларининг 67 фоизи ва ўрта мактабнинг шундай ўқувчиларининг 73 фоизи доимий равишда оилавий байрамлар нишонланадиган оилаларда яшайди. Кўпчилик уччиларнинг оиласида оилавий байрамлар камдан-кам нишонланади ёки умуман нишонланмайди.
Жамиятшунослар қатъий қонунийликни аниқлади: оиланинг даромади қанчалик юқори ва оилавий байрамлар маданияти қанчалик паст бўлса, боланинг баҳолари ҳам шунчалик паст бўлади. Ва аксинча: оилавий байрамлар маданияти оиланинг даромадларига нисбатан қанчалик юқори бўлса, боланинг ўзлаштириш даражаси шунчалик юқори бўлади. Оилада ота-она ва бола ўртасида тўлиқ сифатли мулоқот бўлмаса, репетиторлар, курслар, улар учун сарфланган маблағлар яхши баҳолар кўринишидаги натижаларни олиб келмайди.
Қизиқарли факт шундан иборатки, аъло ва яхши баҳога ўқийдиган ўқувчиларнинг 56 фоизининг ота-онаси, ўзларининг сўзларига кўра, ўз-ўзини кашф қилиш учун ишлайди ва ўз касбий фаолиятидан қониқиш ҳис қилади. Уччиларга келсак, уларнинг ота-онаси, ўз сўзларига кўра, 80 фоиз ҳолатда “пул учун” ишлайди.
Яна бир ҳайратланарли қонунийлик шундаки, ота-она, моддий даражасидан қатъи назар, ўз ҳаётидан қанчалик мамнун бўлса, уларнинг фарзандлари ўқишда шунчалик муваффақиятли бўлади. Шундай экан, қариндошларингиз билан мулоқот қилинг, уйда байрамлар ташкил этинг, ўз ишингизни севинг, ҳаётингиз қандай бўлса, шундайлигича мамнуният билан қабул қилинг, шунда фарзандларингиз яхши ўқийди!
Мақолани тайёрлашда “Наши дети” нашри маълумотларидан фойдаланилди.