Дунёга келган янги чақалоқ биринчи бўлиб нима ҳаракатни ўрганиши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Гўдак илк ойда ўрганадиган ҳаракат, бу – кўзни очиб-юмишдир. Бир ёшга яқинлашиб қолганида болакай қиқирлаб кулиш, илк қадам ташлаш қобилиятини эгаллайди. Боланинг ҳаётидаги муҳим ўзгаришларни кузатиш ва унга кўмаклашиш улардан бехабар бўлган ота-она учун қийин кечиши мумкин.
Боланинг ривожланиш ҳолати ва даврининг номутаносиблигига оид шубҳа-гумонларга барҳам бериш учун сизни чақалоқ ривожланишининг муҳим босқичлари билан таништирамиз.
ТУҒИЛГАНИДАН БОШЛАБ 3 ОЙГАЧА БЎЛГАН ДАВР
Шахсий-ижтимоий ўзгаришлар:
-қиёфаларни таний бошлайди;
- ўз-ўзидан ёки муносабатга жавобан кулади;
- бармоқларига диққат қилиб, уларни ўйнай бошлайди.
Хатти – ҳаракатдаги ўзгаришлар:
- бошини кўтара бошлайди;
- бошини тута бошлайди;
- оёқларига оғирлигини ташлашни ўрганади.
Баъзи чақалоқлар бу даврда ота-онасининг қўлидан ушлаб, қаддиларини кўтаришлари мумкин.
Нутқнинг ривожланиши:
- "га-га", "гу-гу", "а-а-а", "о-о-о" каби товушларни талаффуз қилишни ўрганади;
- кулади;
- чинқира бошлайди.
3 ОЙДАН 6 ОЙГАЧА БЎЛГАН ДАВР
Шахсий-ижтимоий кўникмалар:
- Ўйинчоқлар билан муносабатга кириша бошлайди;
- Топган нарсани оғзига сола бошлайди;
Хатти-ҳаракатдаги ўзгаришлар:
-қоринчасига таяниб боши ва кўксини кўтаради;
- 5 ойликдан бошлаб ўнг ёки чапга думалайди;
- кимнингдир кўмагисиз ҳам ўтира олади.
Фаол чақалоқлар нарсаларга ўч бўлиб, уларни қўлга киритиш истагида ҳаракатлана бошлашади.
Нутқнинг ривожланиши:
- ота-онасининг овози келган томонга қараб қайрилади;
- бирор товуш ёки сўзга тақлид қилиб, такрорлашга ҳаракат қилади;
- бир бўғинли сўзларни гапира бошлайди.
6 ОЙДАН 9 ОЙГАЧА БЎЛГАН ДАВР
Шахсий-ижтимоий кўникмалар:
- қарсак чалиб айтиладиган қўшиқларга рақсга туша бошлайди;
- Ўз хоҳиш-истакларини кўрсата бошлайди;
- қўлларини силкитиб "хайр" қила бошлайди.
Ҳаракатчанликдаги ўзгаришлар:
- ўрнидан туришга ҳаракат қилиб, ўзини судрайди;
- нарсаларга таяниб ўрнидан туради ва қаддини тутиб тура олади;
Фаол чақалоқлар бу даврда:
- бир-икки қадам ташлашни ўрганиб олади;
- нарсаларни бир-бирига уриб, шовқин чиқаришни одат қилиб олади;
- бош бармоқ ва бармоқлари ёрдамида нарсаларни ушлай бошлайди.
Нутқдаги ўзгаришлар:
- бўғинларни қўшиб гапиришни ўргана бошлайди;
- тушунарсиз ғулдурашни ўрганади;
- "дада", "она" деган сўзларни ўрганади.
9 ОЙДАН 12 ОЙГАЧА БЎЛГАН ДАВР
Шахсий-ижтимоий кўникмалар:
- бошқалар билан копток ўйнай бошлайди;
- атрофидагиларнинг хатти-ҳаракатига тақлид қила бошлайди;
- болалар идишидан суюқлик ича бошлайди.
Ҳаракатдаги ўзгаришлар:
- бир ўзи кўмаксиз тик тура олади;
- мустақил қадам ташлай бошлайди.
Фаол болалар қўлига тушган нарсаларни идишга ота бошлайдилар.
Нутқдаги ўзгаришлар:
- оила аъзоларининг таркибидан келиб чиқиб, "бобо", "буви", "ака" деган сўзларни гапира бошлайди.
- 1-2 та содда сўзларни қўшиб гапира бошлайди.
Агар боланинг ривожланиш босқичларида бирор камчилик бор, деб ҳисобласангиз, фарзандингизни педиатрга кўрсатинг.
Фарзандингиз соғлом бўлиб вояга етсин!