Тарбия

Боланинг дўкондаги хархашасига қандай рад жавобини бериш керак?

“Олиб беринг!”, “Беринг!” каби талаб ва илтимослар билан ота-онасига юзланаётган бола ҳамма истаклари ҳам зудлик билан қондирилавермаслигини билиши лозим. Бирор нарсани сотиб олиб бермаганлари учун инжиқлик қилиш, жазавага тушиш эса бола тарбиясида меъёридаги ҳолат эмас. Бундай ҳолатларда ёш ота-оналар (асосан оналар) қандай йўл тутишлари лозим? Болага “йўқ” дейишга тўғри келганида ўзини қандай тутгани маъқул?

Ҳамма истаги сўзсиз адо этиладиган болалар келгусида турли муаммоларга тўқнаш келадиган инфантиль (катта одамларда ёш болаларга хос жисмоний ва руҳий ҳолатларнинг сақланиши) бўлиб улғайиши мумкин. Шундай экан, деб дарҳол рад жавобини бериш ҳам ярамайди. Шу боисдан аввал яхшилаб ўйлаб кўриб, сўнгра жавоб бериш мақсадга мувофиқ.

Навбатдаги тавсияларда эса шу каби вазиятларда ота-оналар ўзларини қандай тутишлари лозимлиги ўз аксини топган.

  1. Диққатини бошқа томонга буринг

Болани кераксиз нарсаларни сотиб олиб бериш истагидан қутулишнинг энг содда йўли — унинг диққатини бошқа томонга буриш. Болага қизиқарли хотирани эслатинг.

— Ойи, машина олиб беринг!

— Ҳа, зўр машина экан! Ўзинг ўйнайдиган қизил машинача ўхшаркан, Кел, дўкондан уйга қайтиб, майдонча чиқиб ўйнаймиз!

Кичик ёшдаги болалар диққатини арзонроқларига йўналтириб юбориш ҳам мумкин.

— Сени қара! Манави шар(копток, совун кўпиклари)ни кўр, кел, шуни олиб, шиширамиз (тепамиз, пуфлаймиз). Шу билан унинг харҳашаларидан осон қутилиш мумкин, аммо ҳар доим ҳам ушбу тавсияга амал қилиб бўлмайди. Акс ҳолда бола истаган нарсасига эга бўлишга кўникади, у билан дўконга бориш эса албатта бирор буюмни сотиб олишни англатади.

  1. Сотиб олишни кейинга қолдиринг

Бу ҳам истак-хоҳишларни инкор этмайдиган кўп қўлланилувчи усуллардан бири.

— Ҳозир сотиб ололмаймиз, кейинроқ (эртага, туғилган кунингда ва ҳоказо) олиб бераман, майлими?

Мазкур усулни ҳақиқатдан болага у сўраган нарсани олиб беришни кўнглингизга туккан бўлсангиз қўлланг. Кўплаб ота-оналар фарзандига осонлик билан ваъда беришади, бироқ уларни бажаришмайди. Улар бола бу ваъдани шунчаки унутиб юборишади, деб ўйлашади. Аммо ундай эмас: болалар катталар уларни алдаётганини тезда англаб етишади ҳамда ҳар қандай сўз ва ваъдаларга ишонишни бас қилишади.

  1. Тўғри оҳангда мурожаат қилинг

Болани фикридан қайтаришнинг уддасидан чиқмасангиз, қатъий қилиб “йўқ” дейишга тўғри келади. Бу пайтда қандай оҳангда сўзлашингиз жуда муҳим. Чунки болалар катталарнинг ҳиссиётлари билан жуда яхши ҳисоблашишади. Хушомадгўёна ёки узрли оҳангда рад этиш ўзини оқламайди.

Аксинча, бола босимни оширади. Бошқа томондан, овоздаги ортиқча қаттиққўллик ҳам ярамайди. Энг яхшиси, сокин ва қатъий оҳангда бола билан суҳбатлашинг. Имкони бўлса тиззалаб, унинг кўзларига тик қараб “йўқ” денг.

  1. Ёшини ҳисобга олиб изоҳ беринг

Рад жавоби берилганидан сўнг уни изоҳлашингиз мумкин. Бироқ ойдинлик бола ёши инобатга олинган ҳолда берилиши керак.

Мактабгача ёшдаги болалар товар-пул айланмасини, “жуда қиммат” деган жумлалар маъносини англаб етишмайди. “Сенга ҳали эрта”, “бунга кичкиналик қиласан”, деган гаплар ҳам унинг учун маъносиз.

Изоҳ беришда “соғлиғинг учун зарарли” ўрнига “тишинг оғрийди” дейиш маъқулроқ. Бола учун мавҳум бўлган “жуда қиммат” ўрнига “буни сотиб олишимиз учун бир ҳафта овқат емаслигимиз керак”, дейиш фойдалироқ.

  1. Келишган ҳолда рад этинг

Дейлик, бола тихирлик қилиб сотиб олиб беришларини талаб қилиб туриб олди. Психологлар бундай пайтда “Майли, лекин...” усулини қўллашни тавсия этишади. Аввал боланинг истагини сўзма-сўз такрорлайсиз, кейин ўз далилингизни илгари сурасиз.

Ойи, мана шу машина олиб беринг!

— Шу машинани олиб беришимни сўраяпсан, лекин уйда унақалардан бештаси бор, ўшаларни ўйнайвер.

— Менда бунақаси йўқ!

— Сен айнан шунисини олиб беришимни истаяпсан, лекин сендагилар ҳам худди шунақа, ўзингнинг машиналарингни ўйна.

— Йўқ, бу бошқача!

— Сенга бу бошқача туюлаяпти, лекин ўзингдагилар ҳам худди шунақа. Уйга борайлик, ўшаларни ўйнайверасан.

Бу ўйин узоқ давом этиши мумкин. Бироқ охир-оқибат катталар ғолиб чиқишади. Бола сўрашдан тўхтайди ёки бошқа усулларни қўллашга ўтиши мумкин.

  1. Жазавага тушса ҳам таслим бўлманг

Бола бошқа йўли қолмаганидан кейин энг таъсирли восита — кўз ёшидан фойдаланишга ўтади. Дўконнинг ўзидаёқ йиғлаб, жазавага тушиши мумкин. Бунда психологлар бир овоздан қуйидагича йўл тутишни тавсия этишади:

                Ҳеч қачон болага ўзини бундай тутишга йўл қўйиб берманг.

Ота-она бир марта шундай ҳолатда бола истагини бажо келтирса, жазавалар яна ва яна давом этаверади. Маслаҳатимиз: боланинг қўлидан тутинг ва бу ердан чиқиб кетинг.

Уни имкон қадар томошабинлардан узоқроққа олиб кетинг. Болага ўзини бундай тутиши фойда бермаслигини айтинг ва бас қилмаса у билан гаплашмаслигингизни маълум қилинг. Шундан сўнг ҳеч нарса қилмай туринг. Бола аввалига қаттиқроқ бақириши мумкин, бироқ ҳеч қандай эътибор берилмаслигини кўрганидан кейин ўз-ўзидан тинчийди.

  1. Қатъий бўлинг

Қатъийлик — тарбиядаги энг муҳим таянчлардан биридир. Агарда бугун “чипслар зарарли”, эртага “қўймас экансан, ма – ол” деб турсангиз, бола ҳеч қайси рад жавобига жиддий ёндашмайди. Ҳар сафар унга “йўқ” десангиз, унга янада қийинлашаверади, бола тақиқ бекор қилинмаслигини тушуниб етади.

Бироқ қатъийлик ҳар доим ҳам ўзгаришсиз қолмайди. Ота-она ҳар қандай инсон каби ўз қарорини ўзгартириши мумкин, албатта, бунга арзирли сабаб бўлса.

Масалан, бола масъулиятсизлиги сабабли компьютерда ўйнаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин, аммо дарсларини ўз вақтида бажарса, ўйинчоқларини йиғиштириб қўйишга одатланса, тақиқни бекор қилиш қўрқинчли эмас.

  1. Оиланинг барча аъзолари билан келишган ҳолатда рад этинг

Яна бир жуда муҳим принцип. Агарда ота машина ёки ширинлик сотиб олиб беришни рад этса, она, бобо, буви, тоға, амма, амаки ёки бошқалар ҳам бу қарорни қўллаб-қувватлаши керак. Болага кўпинча катта авлод: бобо ва бувилар истаган нарсасини олиб бериши мумкин. Болалар тез-тез катталарнинг хилма-хил фикрда эканидан унумли фойдаланиб қолишади. Натижада ота-онанинг обрўсига путур етади. Бола эса қаршисидаги ўзи учун зарарли бўлган чегараларнинг қандай емирилаётганини англаб етишга қодир эмас.

  1. Бола рад жавобингизни қабул қилиши учун ҳаракат қилинг

Кўнгилли равишда рад этиш болада ирода ва ўз-ўзини назорат қилиш қобилиятини шакллантиради. Бола инжиқ бўлса, ихтиёрий равишда воз кечиши қийин масала. Боғча ёшидаги болалардан ҳам ўзи хоҳлаб фикридан воз кечишини кутиш ярамайди. Бу усулни каттароқ болаларда қўллаш мумкин. улар билан нархи ва ўз қоидаларингиз ҳақида гаплашишингиз мумкин:

Ҳар сафар дўконга келганимизда бирор нарса сотиб олишимиз шарт эмас.

— Бунақа қиммат ўйинчоқни сабабсиз сотиб олиш мумкинмас.

Ҳар сафар "Йўқ” дейишдан аввал болалар учун исташ ва ўз истагига эришиш учун ҳаракат қилиш табиий ва ижобий ҳол эканини ҳисобга олишни унутманг. Айни шу талаб болаликда қандай ўзлаштирилса, бутун умр шундай ҳолича сақланиб қолади. Шу сабабдан ҳам “йўқ” дейишга шошилманг. Митти инсон билан суҳбатлашинг, ўйлаб кўринг. Агарда рад этишга қарор қилсангиз, буни тўғри ҳолатда адо этинг.

Манба: lifehacker.ru