Дунё яралибдики қандайдир янгиликлар пайдо бўлади, нималардир камайиб, бора-бора йўқолиб кетади. Глобализация жараёни бу. Ноёб ҳайвонлар ва ўсимликларни сақлаш мақсадида “Қизил китоб” яратилган, урф-одатларни асраш ва ҳурмат қилиш билан шуғулланувчи турли ташкилотлар бор. Йўқолиб боргувчилар бирдан йўқ бўлиб қолмайди, аста-секин, билинар-билинмас ғойиб бўлишади. Бугун ана шуларга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Зеро улар олис тарих хотиралари эмас, яқин ўтмишдаги, нари борса 15-20 йил ичида ўзимиз кўрган-билганларимиздир.
Болалигимизда ариқларда чўмилардик, қирғоқдаги ўт-ўланларда ниначининг жуда чиройли тури учиб юрарди. Ялтироқ танаси кўк-сиёҳрангларда камалакдек товланарди. Ниначининг капалакдек нозик бу турини сўзанак дердик. Ана шу сўзанак кўринмай қолди. Балки қаерлардадир ҳалиям бордур, лекин бугун кўрмаяпмиз, йўқ, тамом!
Ҳаммамизнинг болалигимизда ари чаққан. Олдинлари кўзи шишиб юрган болаларни кўриб кулмасдик ҳам. Асалари бор, қовоқари бор. Лекин чумак ари дейиладиган бели қилдай сариқ арилар, роса ғўнғиллаб учадиган қора, яшил қовоқари турлари йўқолиб кетди шекилли, ҳарқалай кўрмаяпмиз.
Болалигимизда кўп ҳовлиларда чилонжийда бўларди, жигарранг, ичи хамирдай бу мевани роса ердик. Яқинда бир опамиз қайноқ сувга шу мевани дамлаб ичаётганини кўриб қолдим. Ҳозир чилонжийда камёб дори сифатида сотилаётганмиш. Чилонжийдаку майли, ҳамма маҳаллаларнинг четида жийдазорлар бўларди, қизлар унинг тагидан ўтиб ҳидига маст бўлишар, йигитлар гуллаган жийда шохларини суюклиларига тақдим қилишарди. Шу жийдазорлар ҳам йўқолиб кетди. “Жийда гули” миллий сериали ижодкорларининг суратга олиш ишларини Ургут туманида ўтказишгани ҳам бежизга эмас шекилли.
Шафтолининг нархи ошмоқда, чунки у ҳам камайиб кетаяпти. Дарахти нари борса 4-5 йилда қариб, яхши ҳосил бермай қоладиган бу мевани парваришлаш боғбонларга қимматга тушяпти шекилли. Лекин ҳарқалай бозорда бор, еб турибмиз. Лекин қачон анжиршафтоли едингиз? Ахир яқин-яқинда ҳам шафтолининг анжирсимон қип-қизил тури бор эмасмиди?! Ҳозир ҳам бордур, лекин қаерда?
Қора тут бор, оқ тут бор, лекин катта-катта пуштиранг, сиёҳранг тутлар борми ҳозир?
Олдинлари деярли ҳамма хонадонларда, ҳатто шаҳарлардаги уйларда ҳам тандир бўларди. Оналаримиз деярли ҳар куни иссиқ-иссиқ нонлар ёпишарди. Иссиқ нонларни ҳозир ҳам бозордан сотиб олиб еяпмиз, лекин айнан бизга атаб ёпилган, муздек сувга ботириб-ботириб ейиладиган бўрсилдоқ кулчалар қани энди?! Шаҳарнику тушунса бўлар, қишлоқларда ҳам тандир камайиб боряпти-ку...
Шеваларимизчи. Воҳада-ю Самарқандда ҳамма энг севимли миллий таомимизни палов дерди. Энди бу атама фақат расмийлашиб қолди. Ҳамма ошга ўтиб олди.
Томлар ва деворлардаги лолақизғалдоқлар ҳам, қўшниникига аталган қўшнитовоқ ҳам, жамалаксоч қизлар ҳам қидирилса арзийди энди.
Болалик ўйинларимиз ҳам йўқолиб кетди. Чиллак ўйнардик, ланка тепардик. Ҳозирги болалар интернетга ёпишиб, ҳатто футбол ҳам ўйнамай қўйишяпти.
Ана-шунақа, нималардир кўз ўнгимизда йўқолиб бораяпти. Ҳар бир кўрганимизни хотирага қадашга уринайлик, зеро келажак янада ўзгаради, бугунги манзараларни қайтиб топа олмай қоламиз.
Аброр Зоҳидов
Манба: Kun.uz