«Экзамен», яъни «имтиҳон» сўзи лотинчадан «синов» деб таржима қилинади. Кўпчилик болалар учун имтиҳонлар айнан синовга айланади. Бундай даврда сиз фарзандингизга қандай ёрдам беришингиз мумкин?
- Имтиҳонлар бошланишидан анча олдин бола билан айнан нималардан топширмоқчи, қайси фанлар унга қийинроқ туюлиши ва унинг сабаблари тўғрисида гаплашиб олинг. Бу маълумот тайёрланиш режасини биргаликда тузишга ёрдам беради.
- Бола билан бирга унинг «унумли соатлари»ни аниқлаб олинг. Қийин мавзуларни унумлилик юқори бўлган соатларда ўрганиш маъқулроқ.
- Бола билан имтиҳон арафасида кечқурун тайёрланишни тўхтатиш, сайр қилиш, ювиниш ва ўз вақтида ётиб ухлаш тўғрисида келишиб олинг. Охирги 12 соат билимни эмас, балки организмни тайёрлашга сарфланиши керак.
- Дам олиш кунлари болага имтиҳон топширишни репетиция қилдиринг. Ўтирғизинг ва имтиҳондагидек вақт белгиланг. «Имтиҳон» тамом бўлгандан кейин у билан биргаликда вазифанинг тўғри бажарилганини текширинг. Хатоларни тўғрилашга ҳаракат қилинг ва улар нима учун пайдо бўлгани ҳақида фикрлашиб олинг.
- Боланинг тайёрланиш вақтида мунтазам равишда қисқа танаффуслар қилиб туришига эътибор беринг.
- Боланинг имтиҳонда оладиган баҳоси тўғрисида хавотирланманг ва имтиҳондан кейин болани танқид қилманг. Болани имтиҳонлар баҳоси унинг имкониятларининг ҳақиқий ўлчови эмаслиги тўғрисидаги фикрга ишонтиринг.
- Болаларга далда беринг, уларнинг қилган яхши ишларини мақтанг.
- Боланинг ўзига бўлган ишончини оширинг, чунки бола омадсизликдан қанча кўп қўрқса, хатога йўл қўйиш эҳтимоли шунча каттароқ бўлади.
Манба: Daryo.uz