Болалар ўзлари учун қизиқарли бўлган вазифаларни мамнуният билан бажаради. Агар бирор-бир машғулотга қизиқиши бўлмаса, бу улар учун жазога айланади, шу жумладан ўқув машғулотлари ҳам.
Мактабда ўқишга қизиқиши бўлмаган болалар ўзларини бахтсиз ҳис қилади, дарс давомида қўнғироқ чалинишини кутиб ўтиради. Нега мактабга боргунга қадар ақлли ва зеҳнли ҳисобланган фарзандимиз ёмон ўқувчига айланади?
Катталарга яхши маълумки, бирор иш ўзимиз учун қизиқарли бўлсагина уни мамнуният билан бажарамиз. Бирор машғулотга қизиқиш эса уни яхши ўрганиб, кўникма ҳосил қилганимиздан кейин пайдо бўлади.
Одатда болалар ўзлари учун қизиқарли бўлган ҳодисаларни бошқалар билан ҳам бўлишишга ҳаракат қилади. Мактабдан ташқарида қизиқарли фильм ҳақида дўстларига ҳикоя қилган бола тарих дарсида ўзини ожиз ҳис этиб қолади. Демак унинг хотираси жойида, фақат томоша қилган фильми уни тарих мавзусидан кўра кўпроқ қизиқтира олган.
Фарзандингиз сайр чоғида қурбақага қизиқиб қолган бўлса, уйга келган заҳоти унга ҳайвонлар ҳаёти ҳақидаги китобни ўқиш учун беринг. У қурбақалар нима билан озиқланиши ва қишда қаерга яширинишини билиб олсин. Дўстларига бу қизиқарли мавзу ҳақида ҳикоя қилган фарзандингиз кейинроқ уларга чигирткалар, медузалар ва тошбақалар ҳақида ҳам ҳикоя қилишни истаб қолади. Ана энди у билан қизиқарли китобларни танлаш учун кутубхонага бирга боришингиз мумкин.
Телевизор орқали бу каби дастурларни томоша қилиш ҳеч қачон китобдан ўқишнинг ўрнини босмайди. Бола у учун қизиқарли мавзуларни китоблардан мустақил қидириб топиб, шу масалада бош қотириб, уни бошқаларга ҳикоя қилиб, тушунтириб бергандагина ҳақиқий зиёлига айланади.
Ҳар бир нарсанинг қизиқарли жиҳатлари бўлиши мумкинлигини 3—4 ёшлигидан ҳис қилган бола бу ҳиссиётни ҳеч қачон унутмайди!
Ҳамма жойда ижодкорликни кўра билган, ҳар бир нарсани билиб олишга интилган инсонгина болаликда ҳам, улғайганида ҳам ҳақиқий бахтли инсон бўлиши мумкин!
Мақолани тайёрлашда “Настройка здоровья” сайти маълумотларидан фойдаланилди.