Тарбия

Фарзандингиз келгусида муваффақиятга эришиши учун унга нималарни ўргатиш керак?

Болаларни тарбиялаш тамойиллари тубдан ўзгармоқда. Фарзандингиз ривожланишининг илк даврларидаёқ "рақиблари"га мағлуб бўлмаслиги учун нима қилиш кераклигини биласизми? Kun.uz бу борадаги тавсиялар билан бўлишди.

Ҳар бир ота-она ўз фарзандига яхшиликни раво кўради. Бироқ болани келажакка тайёрлашни чин дилдан орзу қилиб, унга тажрибамиз тўғри деб топган нарсаларни  ўргатамиз. Бу тажриба қанчалик тез эскириб бораётгани ҳақида эса камдан-кам ҳолатларда ўйланамиз.

Нима учун таълимга ёндашувни ўзгартириш вақти келди?

Социологларнинг маълум қилишича, яқин 10-15 йилда мавжуд касбларнинг 20 фоизи йўқолиш хавфи остида қолади. Бироқ, шу билан бирга, яна шунча янги касб пайдо бўлиши ҳам кутилмоқда. McKinsey Global Institute тадқиқот ташкилоти экспертлари 2030 йилга бориб, меҳнат бозоридан 375 миллион ишчи ўрнининг йўқолишини тахмин қилишмоқда. Бугунги кунда одамлар бажараётган ишлар роботлар зиммасига юклатилмоқда. Ҳатто сизнинг касбингиз йўқолиш хавфи остидаги касблар сирасига кириш-кирмаслигини аниқлашга доир махсус сервис ҳам бор.

Дунё шиддат билан ўзгаришда давом этаётган ҳозирги даврда биз болаларни аввалгидек ХХ асрдаги ҳаётга тайёрлаяпмиз.

Сиз эрта ривожланиш, математикага ихтисослаштирилган лицей ва пойтахтдаги бирор олийгоҳнинг нуфузли иқтисодий факультетига ўқишга кириш болага камида бухгалтер, ишлари ўнгидан келганда эса, йирик корпорациянинг молиявий директори лавозимини кафолатлайди, деб ўйлайсизми? Кўзингизни очинг! 2016 йилда Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида иқтисодчи ва бухгалтерлар асосий "лузер" касблар қаторида санаб ўтилди: яқин йилларда бу соҳаларда катта қисқаришлар бўлиши кутилмоқда.

Эртанги роботлаштирилган даврда ишга қабул қилишда ҳал қилувчи роль ўйновчи кўникмалар бугун катта роль ўйнамайди, биз уларни инкор этамиз. Бу вақтда эса одамлар янги дунёда ўзларини йўқотмаслик учун ақл ишлатишларига тўғри келади, бу борада улар аввалгидек роботлардан олдинда. Айнан шу жиҳат таълим ва тарбиянинг янги тамойилларини белгилаб беради.

Афсуски, замонавий стандарт мактаблар аввалгидек болаларга ўтмиш кўникмаларини ўргатмоқда. Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзандига оддий беш нарсани тушунтириши муҳим.

Болага нимани ўргатиш керак?

1. Ёд олмаслик

Ёд олиш қобилияти бўйича биз - одамлар аллақачон компьютерлардан ортда қолганмиз. Назарий жиҳатдан 10 йил ичида мактаб ўқувчиси миясига жойлаши мумкин бўлган билимлар ҳажми 1 Гб'дан ошмайди.

Ўзингиз ҳисоблаб кўринг: Ҳар бири 2400-2500 тагача ҳарфни ўз ичига олган 150 саҳифали ўртача ўқув дарслиги тахминан 0,35 Мб бўлади. Айтайлик, болалар бир йилда шундай дарсликдан 10 тасини ўзлаштиришсин. У ҳолда улар қабул қилган матнли маълумот ҳажми 11 йил давомида 40 Мб'дан камроқни ташкил қилади. Бунга қўшимча синфдан ташқари машғулотлар ва мутолаа, тасвирий санъат ва бошқа тилларни ўрганишни қўшамиз... Ўқув дастуридаги 40 Мб'ни 25 карра оширсак ҳам, бор-йўғи 1 Гб маълумотга эга бўламиз.

Энди эса таққослаймиз. Минг йиллик давлат тарихини ўзида сақловчи Буюк Британия архиви тахминан 70 Тб'га тенг. Компьютерларга келсак, бу йил электрон ҳисоблаш қурилмасининг хотираси 160 Тб'га етди.

Агар сиз аввалгидек тарихий саналарни чат хотирасига киритишни муҳим деб ҳисобласангиз, бу фарзандингиз ҳозирнинг ўзидаёқ машиналарга мағлуб бўлганини билдиради. У кераксиз маълумотни ёдлаш учун анча вақт ва куч сарфлаган бўлиб чиқади. Бу вақтда эса унинг тенгдош-рақиблари бошқа, анча керакли кўникмаларни ўзлаштиришади.

2. Янгилик учун очиқ бўлиш

"Одамлар ҳаётининг илк 20 йилида таълим олиб, кейинги 40-50 йилда ўқиган касби бўйича ишлайдиган модель бузилмоқда, - дейди ижтимоий муносабатлар бўйича эксперт ва McKinsey Global Institute тадқиқоти ҳаммуаллифи Сьюзен Ланд. - Энди биз бутун карьерамиз давомида доимий ўқиб-ўрганиш ҳақида ўйлашимизга тўғри келади".

Бу дегани, бола мактаб йилларидан оладиган энг муҳим кўникма — ўқиш ва ўрганишга бўлган иштиёқ. Бунинг учун эса таълим жараёнини шундай ташкил қилиш муҳимки, ўқиш материаллари ва жараённинг ўзи ўқувчи учун ортиқча юк бўлмасин.

Барча мисолларни ечиб битирмагунча математика дарси устида бош қотириб ўтиришга ҳожат йўқ. Чарчадингизми — дам олинг. Чалғинг. Ўзингизда куч ва қизиқишни қайта сезганингизда яна математикага қайтасиз.

3. Ҳақиқатда қизиқ йўналишга урғу бериш

"Бу билан пул топа олмайсан", - дейишади ота-оналар ўсиб келаётган авлоднинг ўзларига бемаъни туюлган қизиқишлари ҳақида. Шу тариқа фарзандларини мажбурлаб ҳуқуқшунос, дастурчи, менежер, шифокор каби касбларга йўналтиришади. Умуман олганда, ота-оналарни тушуниш мумкин: XX аср уларни қадамма-қадам вертикал карьерага тайёрлайди - "ботқоқликдан саройга", ўқувчиликдан - ишчига, ишчидан - раҳбарликка, раҳбарликдан - big boss'га.

Шундай бўлса-да, дунё ўзгармоқда ва ҳозир биринчи ўринга горизонтал карьера чиқмоқда. Бундай ҳолатларда сиз юқорига қараб интилмайсиз, шунчаки ўзингизга ёққан иш билан шуғулланасиз. Шу билан бирга, рақиблар билан беллашасиз, сизнинг "асарлар"ингиз кунма-кун такомиллашиб боради. Сизнинг хоббингиз атиги 500 кишини қизиқтирса ҳам, бундай одамлар интернет орқали бир-бирини топади. Қарабсизки, сизнинг  ишланмаларингизга талаб орта бошлайди, уларнинг нархи ошиб боради ва сиз уста мақомини оласиз.

Ҳеч бир робот инсон каби ўз ишига меҳр бера олмайди. Демак, айнан фарзандингизнинг кўнгли чопган иш охир-оқибат у учун ҳаётда ўз ўрнини йўқотмасликка суғурта бўлиб хизмат қилиши мумкин.

4. Имкониятларни кўриш

Ҳозир 15 ёшдан кичик бўлган одамлар катта эҳтимол билан бир аср яшаши мумкин. Бу эса катта муддат. Масалан, ўзингизни ва 120 йил аввал яшаган европалик кишини таққосланг. Қизиқишлар умумийлиги ҳақида нима дейсиз? Аравани таъмирлаш ёки тутун қувурини тозалаш тажрибаси сизга керак бўлармиди? Икки сигир-чи? (120 йил аввал қишлоқда яшовчи кишилар учун катта давлат ҳисобланган) — бундай капитални қандай баҳолайсиз?

Бугун биз учун қадрли бўлган қадриятлар эртага ўз аҳамиятини йўқотиши мумкин.

Инсонлар орзусидаги бир умрлик севги тушунчаси йўқолади. 20 ёшингизда сизга қизиқ бўлган инсон 80 ёшга кирганингизда ҳам шунчали қизиқ бўлади, деб ким кафолат беради? Ёки Жастин Биберга фанатлик қилувчи нафақахўрни тасаввур қила оласизми?

Фарзандларимизнинг олдида катта ҳаёт йўли турибди. Олдинда шунча умр турганда биринчи севги муваффақиятсизлигидан қайғу чекишга не ҳожат? Олийгоҳга кира олмасангиз ёки орзуингиздаги ишда ишлай олмасангиз, ўзингизни омадсиз ва бахтсиз ҳис қилишингиз керакми?

Кечаги кун кишиси учун 1-2 йил вақт - муҳим давр, келажак кишиси учун эса худди шу 1-2 йил атрофни ўрганиб, бошқа истиқболларни кўриш учун имкониятдир. Уддасидан чиқа олмаётган ишга қаттиқ ёпишиб олишдан фойда йўқ. Яхшиси, шу вақтингизни ҳақиқатда ўзингиз учун қизиқ бўлган ишга ажратинг.

5. Бошқа одамлар билан ҳамкорлик қила олиш

Бу келажакнинг энг муҳим кўникмаларидан бири, замонавий мактаблар буни мутлақо ўргатмайди. Кооперация нима дегани ўзи? Бу назорат ишини бир ўқувчи эмас, балки билим даражаси ва унга бўлган муносабати турлича бўлган болалар гуруҳига бериш: "Болалар, мана сизларга вазифа. Ўйлаб, биргаликда ечим топишингиз учун 20 дақиқангиз бор".

Стандарт мактаб кўпинча бундай ёндашувни қабул қилмайди, чунки ўқитувчи назорат ишини бир бола ечиб, қолганлар шунчаки кўчириб олса-чи, деб ўйлайди. У қайсидир маънода ҳақ. Бошқа томондан, катталар оламида вазифанинг ечимини топиш доим гуруҳ лойиҳаси доирасида амалга оширилади.

Тижорат ташкилотларда ҳеч ким ҳар бир ходим олдига бир "назорат иши"нинг турли вариантларини қўймайди. У ерда бирор умумий вазифа топшириладиган гуруҳлар тузилиб, ҳар бир инсоннинг имконият ва хусусиятларидан келиб чиқиб ҳал қилинади. Бир киши ғоя ўйлади, бошқаси уни ёзиб олди, учинчиси таҳлил қилди, тўртинчиси ҳаётга татбиқ этди, бешинчиси эса, афтидан ҳеч нарса қилмаган ҳам - шунчаки вақтида чой келтириб турган, ижодий муҳитни ташкил қилган.

Ҳиссий интеллект муваффақият учун зарур энг муҳим кўникмалардан бирига айланади.

Бола эски қоидалар бўйича назорат ишини уддалай олмаса ҳам, бошқа гуруҳ бўлиб ишлаш мумкин бўлган дарсларда кооперация кўникмасини ишлаб чиқиш мумкин. Масалан, жисмоний тарбияда бир бола бошқа ўқувчиларнинг қўллаб-қувватлаши остида ғолиб бўлади ва бу умумий ғалаба ҳисобланади.

Жамоада ишлашни билиш — нафақат ҳал қилувчи қарорлар чиқариш бўйича ишлаш, балки ижодий муҳитни яратиш, ҳамкасбларга ҳиссий далда бериш - 2020 йилга бориб, ишга қабул қилишда энг муҳим кўникмалардан бирига айланади. Ҳозирча бирор робот бу ишни амалга ошира олмайди.