Мактаб ёши

Фарзандингиз паришонхотир ва эътиборсиз бўлса унга қандай ёрдам бериш мумкин?

Дарслари давомида доим бошқа нарсаларга чалғийдиган, кўп хато қиладиган, бир ишни охирига етказа олмайдиган болаларни тез-тез учратиш мумкин. Бундай болаларнинг ўқитувчилари уларнинг паришонхотирлиги ва эътиборсизлигидан шикоят қилади. Агар ота-она бундай фарзанди билан қандай йўл тутишни билмаса, бола ўрта синфлардаёқ яхши ўқимайдиганлар сафидан жой олиши мумкин.

Бундай муаммо билан яқиндан таниш бўлмаган ота-оналар болани бунинг учун жазолайди ва ўзлари кутган натижанинг аксига эришади.

Вазиятни тўғрилашнинг ягона усули болага етишмаётган хислатларни ривожлантиришда ёрдам беришдир. Бунинг учун эса айнан қайси жиҳатни ривожлантириш зарурлигини аниқлаб олиш зарур.

Эътибор ва унинг хусусиятлари

Эътибор- бирор буюм ёки ҳодисага диққатни жамлай олиш қобилияти. У бир нечта хусусиятларга эга:

- диққат;

- ҳажм;

- қатъият;

- тақсимлаш;

- бошқасига ўтиш.

Уларнинг ҳар бири болада турли даражада ривожланган бўлиши мумкин.

  1. Диққат - бирор буюм ёки унинг қисмига нисбатан фикрни қарата олиш қобилияти.
  2. Ҳажм - бола бир вақтнинг ўзида қабул қилиши ва миясида сақлай олиши мумкин бўлган маълумотлар миқдори.
  3. Қатъийлик - бола бошқа нарсаларга чалғимасдан битта буюм билан ишлай олиш вақти.
  4. Тақсимот - бир вақтнинг ўзида бир нечта буюмлар билан турли вазифаларни бажара олиш қобилияти.
  5. Бошқасига ўтиш - бир машғулот туридан бошқасига ўтиш.

Бир муддат фарзандингизни кузатиб туриб, унда юқоридаги хусусиятлардан айнан қайси бири оқсаётганлигини билиб олишингиз мумкин.

Эътиборни яхшилаш учун  чоралар

Бу жиҳатдан самарадор бўлган бир нечта усуллар ва ўйинлар ишлаб чиқилган. Қуйида улардан баъзиларини келтириб ўтамиз:

  1. Кун тартибини қайтадан қараб чиқиш. Ҳаддан ташқари чарчаш паришонхотирликнинг сабаби бўлиши мумкин. Болани турли қўшимча машғулотлар билан ортиқча банд қилмаслик зарур.
  2. Асаб тизимининг ўзига хос жиҳатларини ўрганинг. Балки сизга руҳшуноснинг ёрдами керак бўлиши мумкин.
  3. Болани мақсадли йўналтиринг. Бироқ унга узундан-узоқ тарбиявий маърузаларни баён қилишдан қочинг - у сизни эшитмаслиги мумкин.
  4. Стол ўйинларига эътибор қаратинг, айниқса турли топишмоқ (пазл) ўйинларга.
  5. Ўзингизни ва фарзандингизни ён-атрофда содир бўлаётган ҳодисаларни тасвирлашга ўргатинг.
  6. Бирор вазифани бажариш учун иштиёқ уйғотувчи вазиятни юзага келтиринг.

Ва ниҳоят диққат-эътиборни ривожлантириш учун бир нечта ўйинлар:

  1. Катта киши бирор матнни ўқийди. Бола хаёлида маълум бир товуш иштирокидаги сўзларни санайди.
  2. Бола хонадаги бир хил сифатга эга барча буюмларни санайди.
  3. Бола кўзи боғланган ҳолда кубикларни устун шаклида тахлайди.
  4. Ноодатий санаш. Масалан, жуфт сонларни ёки фақат тоқ сонларни ё бирор сонга бўлинадиган сонларни санаш.
  5. Шахмат ўйини. Агар у жуда мураккаблик қилса, шашка ўйини ҳам фойдали ҳисобланади.                                                                      Мақолани тайёрлашда “Развитие детей” сайти маълумотларидан фойдаланилди.