Барча ота-оналар фарзанди энг ақлли, энг аълочи ва энг билағон бўлишини истайди. Улар боланинг мактабдаги баҳолари яхши бўлиши учун унга кўп-кўп китоблар олиб беради, аммо кўпинча боланинг уй вазифасини текшириш ёки унга ёрдам бериш учун озгина вақт ажрата олмайди. Аслида яхши ўқиш “рецепти” жуда оддий, у бевосита ота-она иштирокини талаб қилади — ҳаммаси уйдан бошланади, бу эса олимлар томонидан исботланган.
Овоз чиқариб ўқиш
АҚШнинг Огайо штати Цинцинатти шаҳрида Болалар тиббиёт маркази тадқиқотчилари овоз чиқариб ўқиш бола мияси ривожланишига тўғридан-тўғри таъсир қилишини аниқлади. Овоз чиқариб ўқиш вақтида миянинг эшитиб қабул қилиш учун жавоб берувчи қисмлари ишга тушади. Бундан ташқари, баланд овозда ўқиш — фарзандларингиз улғайганидан кейин кўпроқ ва яхшироқ ўқиши гаровидир.
“Раҳмат” деб айтиш
Forbes журналида чоп этилган тадқиқот натижалари оддий миннатдорлик ўз ичига кўплаб ижобий хусусиятларни олишини кўрсатиб берди. Бир марта нимадир учун айтилган “раҳмат” руҳий ҳолатни яхшилайди, руҳиятни мустаҳкамлайди, тажовузни пасайтиради ва янги танишувлар учун кафиллик беради.
Тасаввур қилиш
Исроилнинг Тель-Авив университети 6—9 ёшли болалар иштирокида тажриба ўтказди. Олимлар объектлардан олислик болаларнинг мавҳум фикрлашига қандай таъсир ўтказишини билмоқчи бўлди. Болаларга ўзлари ўтирган партадан коинотгача ва аксинча тартибда бўлган расмларни кўрсатишди, сўнг ижодкорлик даражасини синаш учун тест беришди. Ўзларининг кичкина олами Коинот ҳажмигача катталашганини кўрган иштирокчилар, ўз дунёси мактаб партаси ҳажмигача кичрайган иштирокчилардан кўра яхшироқ натижаларни намоён этди. “Ичкарига” эмас, “ташқарига” қараб йўналган фикрлаш болаларда фантазияга мойилликни келтириб чиқаради, уларга буюмларни турли нуқтаи назарлардан кўриш имконини беради, “ҳозир” деган тушунчадан ташқарида фикрлашга ёрдам беради. Болаларга “ҳар нарсани тўқиб чиқарма” дейишга шошилманг, ушбу уйдирмани у билан бирга ҳар томонлама муҳокама қилинг. Болалар тасаввури чегара билмайди, уни сунъий тарзда оширишга эса ҳожат йўқ.
Стол ўйинлари ўйнаш
Болалар билан стол ўйинларини ўйнар экансиз, уларга чиройли ва муносиб равишда ютиш ва ютқазишни, шунингдек, стратегияни ўргатасиз. Psychological Science нашри ўтказган тадқиқот бошқотирмалар, кубиклар ва стол ўйинлари болаларда фазовий ва мантиқий фикрлашни ривожлантиришда ёрдам беришини кўрсатди.
Табиат билан ҳамнафас бўлиш
Journal of the Study of Religion, Nature and Culture журнали болаларнинг табиат билан ўзаро алоқаларини ўрганиб, ҳатто шунчаки кўчага чиқиб ўйнаш болага кўтаринки руҳ бағишлашини аниқлади. Болалар кўчада қанчалик кўп вақт ўтказса, уларнинг соғлиғи шунчалик мустаҳкамланади ва кайфияти ҳам кўтарилади.
Яхшилик қилиш
АҚШнинг Калифорния университети олимлари 9—11 ёшли болалар устида кузатув олиб борди. Уларга бир ҳафта ичида уч марта яхшилик қилиш ёки учта янги жойга ташриф буюриш таклиф қилинди. Қандай қарор қабул қилган бўлса-да, уларнинг кайфияти бир ойдан сўнг сезиларли даражада кўтарилиб, ўзларини бахтлироқ ҳис қилди. Аммо яхшилик қилган болалар яна бир нарсага эришди — улар ўз тенгдошлари эътирофига сазовор бўлди. Бу эса боланинг ўқишига ва синфдошлари ўртасидаги обрўсига бевосита таъсир қилади.