Ёш оналарнинг барчаси чақалоқлар ҳаётининг илк ойларида улар учун она сутидан фойдалироқ озуқа йўқлигини жуда яхши билади. Аммо баъзан болани бошқача озуқага ўтказиш зарурати туғилиб қолади. Чақалоқни сунъий озиқлантириш аралашмани тўғри танлашга ҳам, янгича озиқланиш режимига риоя қилишга ҳам тўғри ёндашишни талаб қилади. Бола рационига сунъий озуқани киритишдан аввал албатта педиатр билан маслаҳатлашган маъқул.
Сунъий озуқага қандай ҳолларда ўтилади?
Энг сифатли аралашмалар ҳам она сутидаги микроэлементлар ўрнини боса олмайди, шу туфайли, сунъий озуқага ўтиш учун етарлича асос бўлиши керак. Булар қуйидагилар:
- оғир кечган туғруқ жараёнидан сўнг она ўз кучини қайта тўплаши керак бўлса;
- аёл томонидан ҳаёт учун муҳим дориларнинг баъзи гуруҳи қабул қилинаётган бўлса;
- она юқумли касалликка учраган бўлса;
- кўкрак безларида сут йўқ бўлса ёки етарлича миқдорда бўлмаса;
- она вақтинчалик бола ёнида узоқ вақт бўла олмаса.
Сут етарли миқдорда ишлаб чиқарилмаётган бўлса, дастлаб, лактацияни кучайтирадиган дорилар берилади, улар кутилган натижани бермагачгина, сунъий озуқа киритилади.
Сунъий озуқадан фойдаланишнинг ижобий ва салбий жиҳатлари
Болани сунъий озиқлантиришнинг яққол афзалликлари қуйидагилар:
- чақалоқни бошқа қариндошлари ҳам овқатлантира олади. Она эса ўз ишлари билан бемалол кетиши ва боланинг оч қолишидан хавотир олмаслиги мумкин;
- болани идишдан овқатлантираётиб, она доим у қанча миқдорда озуқа олаётганини билиб туради;
- чақалоқда аллергия пайдо бўлса, она ўз рационини ўзгартиришига тўғри келмайди (чунки у фақат аралашмага боғлиқ бўлади);
- сунъий озуқа сутдан кўра узоқроқ вақт ҳазм бўлади, шу туфайли боланинг овқатланиш маҳаллари камаяди.
Аммо аралашма билан озиқлантиришнинг камчиликлари анча кўпроқ:
- сунъий озиқланган болалар кейинги йилларда шамоллаш касалликлари ва аллергияга кўпроқ учрайди. Бу уларнинг организмида она сути орқалигина олиш мумкин бўлган алоҳида ферментларнинг йўқлиги билан изоҳланади;
- идишлардан фойдаланиш уларни доимий равишда стерил ҳолда сақлашни талаб этади. Тозаликка риоя қилинмаса, диспепсия (меъда ва ичакларда овқатнинг сингмаслиги) касалликлари келиб чиқиши мумкин;
- болалар қориннинг санчиши ва вақти-вақти билан қайт қилиб туришдан азоб чекади — сифатсиз сўрғич натижасида бола ҳаво ютади;
- бола билан сафар қилганда, аралашма, идишлар солинган алоҳида сумка билан юришга тўғри келади;
- болани сунъий озиқлантириш молиявий харажатларни талаб этади. Яхши аралашма арзон турмайди, бола катталашган сари эса, уни кўпроқ сотиб олишга тўғри келади.
Болани қандай овқатлантириш керак?
Болага тўғри келадиган аралашмани топиб, қадоқдаги кўрсатмалар бўйича уни тайёрлаб олгач, болани озиқлантиришга ҳам навбат келади. Бунда қуйидагиларни эътиборга олинг:
- бола деярли вертикал ҳолатда бўлиши керак, бу сўриш учун қулай, шунингдек, суюқлик боланинг бўғзига тиқилиб қолмайди;
- сут идишнинг сўрғичини бутунлай ёпиб турганига, ҳаво эса идиш тубида йиғилаётганига ишонч ҳосил қилинг, бу ошқозонга ҳаво киришига йўл қўймайди;
- овқатланиб бўлгач, болани вертикал ҳолатда тутиб туринг, токи ютилган ҳаво қайтиб чиқсин;
- аралашма ичаётган вақтда болани ёлғиз қолдирманг, сут унинг бўғзига тиқилиб қолиши ёки идиши қўлидан чиқиб кетиши мумкин. Шунингдек, она билан ҳиссий алоқа ҳам муҳим, шу туфайли чақалоқни бу вақтда қўлингизда ушлаб туринг.