Ҳомиладорлик ҳар бир аёл ҳаётидаги мўъжизавий давр ҳисобланади, ахир у ўз вужудида янги ҳаёт ривожланиши билан боғлиқ. Бу ҳолат аёлни ўз соғлиғи, овқатланиши, дам олиши ва ҳиссиётлари ҳақида кўпроқ ўйлашга мажбур қилади.
Замонавий шароитларда соғлом болани қоринда олиб юриш ва дунёга келтириш осон эмас. Буни муваффақиятли тарзда амалга ошириш учун она ҳомиладорлик даврида нафақат хавфли инфекцияларга дуч келишдан, балки хавфли маҳсулотларнинг бутун бир рўйхатидаги егуликларни истеъмол қилишдан эҳтиёт бўлиши керак.
Ҳомиладорларга мумкин бўлмаган нарсаларнинг катта қисми оддий ҳаётда ҳам болалар ва катталар истеъмол қилиши учун тавсия этилмайди, чунки уларнинг фойдали жиҳатлари йўқ.
Ҳомиладорликда тақиқланадиган маҳсулотларга аллергия чақирадиган, овқат ҳазм бўлишини қийинлаштирадиган, ҳомила тушиб қолиши ва унда нуқсонлар пайдо бўлиши хавфини юзага келтирадиган таомлар ва масаллиқлар киради.
Ҳомиладорларга қандай маҳсулотлар тақиқланган?
Ҳомиладорлик даврида ейиш ва ичиш мумкин бўлмаган нарсалар рўйхати анча кенг бўлиб, у ўз ичига қуйидагиларни олади:
- Алкоголь
У, айниқса ҳомиладорликнинг бошланғич даврларида, ҳомила ривожланишига заҳарли таъсир ўтказади.
- Хом балиқ ва хом гўшт
Гельминтоз (паразит чувалчанглар, гижжалар ва улар туғдирадиган касалликлар)га дуч келиш ва натижада, ҳомилага ҳам юқтириш мумкин.
- Аллергия чақирадиган маҳсулотлар
Денгиз ва дарё деликатеслари (креветка ва икра), шунингдек, асал, сабзиранг ва қизил мева ва сабзавотларни кўп миқдорда ейиш тавсия этилмайди, улар болада туғма аллергия ривожланишига туртки бўлиши мумкин.
Экзотик мевалар, шоколад, сунъий бўёқларга бой бўлган маҳсулотларни ҳам шу рўйхатга қўшиш мумкин. Ушбу аллергия чақирувчи маҳсулотлар бўлажак оналарга ҳомиладорликнинг сўнгги даврларида ейиш учун тавсия этилмайди, чунки бола туғма диатез билан туғилиши эҳтимоли катта.
- Хамирли ва ширали егуликлар
Кўп миқдорда хамирли ва ширали таомларни истеъмол қилиш бўлажак она ва туғилажак бола жуда кўп вазн тўплашига олиб келади. Бунда боланинг оғирлиги 4—5 килограммгача етиши мумкин.
- Консерваланган ва дудланган маҳсулотлар
Булар ботулизм (айниган маҳсулотлар таркибида бўладиган анаэроб микроблар чақирадиган ва асаб тизимига шикаст етказадиган ўткир юқумли касаллик)ни келтириб чиқариши эҳтимоли туфайли хавфлидир. Ушбу касалликни чақирадиган бактериялар консерваланган муҳитда жуда яхши кўпаяди (агар консервани тайёрлашда стерил муҳит бузилган бўлса).
- Заҳарланишга сабаб бўлиши мумкин бўлган маҳсулотлар
Тарвуз, қовун, қўзиқорин каби маҳсулотлар ҳомиладор аёл организмида заҳарланишни келтириб чиқариш бўйича потенциал хавфга эга.
- Аччиқ қора чой ва қаҳва
Улар қон босимини кўтариш ва мускуллар тонусини келтириб чиқариш хусусияти туфайли хавфли ҳисобланади. Бачадон гипертонусига сабаб бўлиши ва ҳомила тушиши хавфини юзага келтириши мумкин.
- Кўп миқдорда консервант ва бўёқларга эга маҳсулотлар
Булар бўлажак онанинг ҳаёт учун муҳим органлари (жигар, буйрак, қон томирлари ва ҳоказо) фаолиятини бузиши мумкин. Уларни истеъмол қилиш натижасида ҳомила ва йўлдош фаолиятидаги етишмовчилик келиб чиқиши, бу эса ҳомилага кислород етишмаслигига сабаб бўлиши мумкин.
- Туз
Туз шишишларни келтириб чиқариши ва қон босими ошишига сабаб бўлиши туфайли, уни истеъмол қилишни чеклаш керак.
- Баъзи мевалар
Ҳомиладорликда ейиш мумкин бўлмаган маҳсулотларнинг қора рўйхатига баъзи мевалар ҳам киритилади. Уларни камроқ миқдорда ейиш ижобий самара бериши мумкин, аммо ўта кўп миқдорда истеъмол қилиш ёки хом меваларни ейиш она ва бола соғлиғига салбий таъсир қилиши мумкин. Масалан, хом папайя меваси (заҳарли хусусиятларга эга), ананас (кўп миқдорда еса, организмдан суюқликни чиқариб кетади, бачадон қисқаришини чақиради), узум (бола жуда кўп вазн йиғишига олиб келиши мумкин) ҳомиладорлар учун тақиқланади.
Мақолани тайёрлашда Baby.ru сайти маълумотларидан фойдаланилди.