- Ҳомиладорлик тақвими: Биринчи ҳафта
- Ҳомиладорлик тақвими: Иккинчи ҳафта
- Ҳомиладорлик тақвими: Учинчи ҳафта
- Ҳомиладорлик тақвими: Тўртинчи ҳафта
- Ҳомиладорлик тақвими: Бешинчи ҳафта
- Ҳомиладорлик тақвими: Олтинчи ҳафта
- Ҳомиладорлик тақвими: Еттинчи ҳафта
- Ҳомиладорлик тақвими: Саккизинчи ҳафта
- Ҳомиладорлик тақвими: Тўққизинчи ҳафта
- Ҳомиладорлик тақвими: Ўнинчи ҳафта
- Ҳомиладорлик тақвими: 11-ҳафта
- Ҳомиладорлик тақвими: 12-ҳафта
Ҳомиладорликнинг анча тинч даври бошланди, ахир қўрқув ва безовталикларга тўла биринчи уч ойлик, илк скрининг ва рўйхатга кириш жараёнлари якунланиб бўлди. Энди бемалол ёқимли фикрлар, бўлажак чақалоқ ҳақида орзуларга берилишингиз, янги кийим-кечаклар танлашга киришишингиз мумкин.
Бироқ соғлиғингизнинг яхшилангани тамоман ўзингизни бўш қўйишингиз керак дегани эмас, энди шишишлар, қабзият ва унча ёқимли бўлмаган бошқа ҳодисалар олдини олишга киришиш вақти келди, демакдир.
13-ҳафтада нималар содир бўлади?
Бўлажак онанинг бахтига, гормонлар “тинчлана” бошлайди. Аёллар ўз кайфиятларидаги кескин ўзгаришлар аста-секинлик билан йўқолаётганини сезади, кўплаб хавотирлар кулгили бўлиб туюлади. Кўнгил айниши кетади, иштаҳа яхшиланади, тез-тез бовул қилишлар ҳам безовта қилмай қўяди.
Бачадон ўсмоқда, аллақачон қорин бўшлиғига кўчишни бошлаган. Ушбу босқичдаги жараёнлар туфайли, ички органлар жойидан силжий бошлайди, бу нафас қисилишига ва жиғилдон қайнашига олиб келиши мумкин. Узоқ сайрлардан сўнг сизда қўл-оёқларингиз оғирлашиб қолгандек ҳиссиёт пайдо бўлади, чарчоқ одатдагидан кўра кучлироқ бўлади. Шу туфайли, шошмасдан сайр қилинг, сайр вақтини бутун кун давомига кам-камдан тақсимланг.
Бачадоннинг баланд тонуси — бачадоннинг тортишиб туриши ҳиссини тез-тез сезсангиз, унда шифокорга бориш керак. Қорин мана шундай тарзда “қотиб қолган” вақтда ётинг ва ўзингизни оғирликлардан халос қилинг.
13-ҳафтада ҳомиланинг ҳолати
Бола соатма-соат ўсмоқда, десак муболаға бўлмайди. 13-ҳафтада ҳомила катталиги 7,8 сантиметрга, оғирлиги 20 граммга етган. У ҳажмига кўра шафтолини эслатади.
Ушбу муддатга келиб, боланинг барча сут тишларининг асослари пайдо бўлган, ошқозон ости бези инсулин ишлаб чиқаришни бошлаган. Тана ҳам тезлик билан ўсишни бошлаган. Тез орада ҳомиланинг боши унчалик катта бўлмай қолади. Бу даврда бола деярли тўхтовсиз тарзда ҳаракатда бўлиб туради, бу мускуллар ва қўл-оёқлар нормал ривожланиши учун зарур. Фақат қисқа муддатли уйқу вақтидагина бола дам олади.
Бу пайтда ҳомиланинг суяк тўқимаси ва мускуллари шаклланади. Овқат ҳазм қилиш тизимида ҳам ривожланиш бормоқда: овқатни қайта ишлашда қатнашадиган муҳим қилчалар пайдо бўлади. 13-ҳафтада боланинг товуш аппарати учун асос пайдо бўлади, унинг ташқи кўриниши эса ўзига хос белгиларга эга бўла бошлайди.
Ширинлик ва хамирли таомлардан нарироқ юринг
Токсикоз сизни тарк этиши билан, ҳамма нарсани кетма-кет еявериш истаги пайдо бўлиши мумкин. Аммо овқатланиш режимини назорат қилиш шарт, акс ҳолда сиз муддатидан аввалоқ ортиқча вазн йиға бошлайсиз. Бу эса турли асоратларга олиб келиши мумкин.
Ширинликлар, хамирли таомлар, шўр ва қовурилган овқатларни жуда кам миқдордагина ейиш мумкин. Токсикоз ўрнини кўпинча жиғилдон қайнаши эгаллайди, шу туфайли овқатланишнинг тўғрилигини назорат қилиш муҳим ва зарурдир.
Буғдой унидан тайёрланган нон, творог, мева ва сабзавотлар, бошоқли ўсимликлар, ёғсиз гўшт — ушбу маҳсулотлар рационингизда етакчи бўлсин.
Ҳомиланинг 13-ҳафтасидаги текширувлар
Скрининг ва асосий таҳлиллардан ўтиб бўлган бўлсангиз, у ҳолда шифокорингиз умумий сийдик таҳлили учунгина йўлланма бериши мумкин.
Мазок топшириш учун дерматолог-венеролог шифокорга 12-ҳафтада юборишади, бироқ баъзан бу бир ҳафта кечроқ ҳам содир бўлиши мумкин. Ушбу текширув қин флорасининг ҳолатини аниқлаб, таносил касалликлари бор-йўқлигини кўрсатади.
13-ҳафтадаги ҳиссиётлар
Кўкрак ҳамон таъсирчан, у янада катталашиши мумкин. Кўкракдан оғиз сути келиши мумкин, бу қўрқинчли эмас, бундай ажралмаларнинг келиши нормал ҳолатдир.
Терида доғлар пайдо бўлиши мумкин: юзда оч жигарранг доғлар кўзга ташланиши, кўкрак учи атрофлари қорайиши, киндикдан қов супачасигача бўлган чизиқ ҳам қорайиб қолиши мумкин. Бу ҳам гормонал ўзгаришлар туфайли бўлиб, туғруқдан сўнг йўқолади.