Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: 18-ҳафта

Бешинчи ой давом этмоқда, ва мана аллақачон ҳомиладорликнинг 18-ҳафтасига ҳам етиб келдингиз. Кўплаб оналар боланинг қимирлаганини аниқ-равшан пайқайди, бу уларга алоҳида қувонч бағишлайди.

Ушбу муддатда ҳомиладорлар киндикка ичкаридан босим тушаётганидан шикоят қилади. Бунга тезкорлик билан ўсаётган бачадон сабабчидир. 18-ҳафтада унинг катталиги ўртача қовун билан тенгдир.

18-ҳафтада нималар содир бўлади?

Боланинг илк қимирлашлари ҳомиладорликнинг роппа-роса 18—22-ҳафтасига тўғри келади. Анча озғин оналар буни эртароқ ҳам ҳис қилиши мумкин, биринчи марта ҳомиладор бўлмаганлар эса 16-ҳафтаданоқ бола қимирлаганини сеза олади.

Бола қимирлаётганини тушунишингиз билан бу қанчалик тез-тез қайталанаётганини назорат қилишга интилинг, соатига 4—8 марта қимирлаш нормал ҳолатдир. Қорин остида оғриқлар пайдо бўлса, албатта бундан шифокорингизни хабардор қилинг. Норма бўйича ушбу муддатда ҳеч қандай жиддий оғриқлар кузатилиши керак эмас.

18-ҳафтада ҳомиланинг ривожланиши

Агар 18-ҳафтада ҳомила нормал тарзда ривожланаётган бўлса, у ҳолда унинг қўл ва оёқлари тўлиқ шаклланиб бўлган бўлади. Бундан ташқари, жажжи бармоқларнинг думбоқчаларида излар — ўша ўзига хос нақшлар пайдо бўлади.

Боланинг бош мияси ривожланмоқда. Кўзлар ҳали юмуқ, аммо 18-ҳафтада ҳомила ёруғликка реакция кўрсата олади. Бола товушларни яхши ажратади, шунинг учун ёқимли аллаларни эшитишга тайёр. Ота эса бўлажак фарзандига эртаклар ўқиб беришни бошлаши мумкин: ҳозир сокин ва майин оҳанглар болага жуда керак.

18-ҳафтада ҳомиланинг бўйи 14 сантиметрни, оғирлиги қарийб 200 граммни ташкил этади. Ҳажми бўйича уни манго билан қиёслаш мумкин. У ҳозирча ўзини бачадонда эркин ҳис қилади, жой етарли, шу туфайли бола мамнуният билан умбалоқ ошади, думалайди, қўл ва оёқларини қимирлатади.

18-ҳафтадаги ҳиссиётлар

Ҳомиладорликнинг 18-ҳафтасига келиб, аёл ўз ҳолатига кўникиб бўлади, барча кераксиз қўрқувлар четга суриб қўйилади, оналик инстинкти ишга тушади.

Ўзингизни чиройли буюмлар билан ўраб олинг, севимли, романтик фильмларни томоша қилинг. Кескин, агрессив мусиқалардан узоқ юринг, аксинча, қувончли ва ёқимли тароналарни тингланг. Бўлажак онага ҳозир кўргазма, музейларга ташриф буюриш жуда фойдали, ўзингиз ҳам фотография билан шуғулланишингиз мумкин. Гўзаллик билан шуғулланиб, ўзингизнинг жорий ҳолатингизнинг барча жозибасини ҳис қиласиз.

Шўрвалар ҳақида унутманг

Тўғри овқатланишга риоя қилишда давом этамиз. Эрталабдан тўйиб еймиз, кичикроқ ширин кулча ва икки бўлак шоколад ейиш мумкин. Таомномангизга, албатта, шўрвалар, сабзавотли оддий салатлар, парҳезли гўштни киритинг. Кечки таом енгил бўлсин, масалан, бу мева қўшилган творог ёки буғда пишган балиқ бўлаги бўлиши мумкин.

Бошоқли ўсимликлар, сабзавот ва ёнғоқлар фойдасини унутманг. Агар макарон ва картошка егингиз келса, сабзавотли гарнирни ҳам кўпроқ қўшинг.

Майонез, кетчуп, маринадларга муккасидан кетманг. Оддий сув, резавор мевали морслар ва янги сиқилган шарбатлардан кўп-кўп ичинг.

Ҳомиладорликнинг 18-ҳафтасида ультратовушли текширув

18—22-ҳафталар оралиғида аёл навбатдаги ультратовушли текширувдан ўтиши керак бўлади. У бола тўғри ривожланаётганини аниқлаш, йўлдош ва киндик ичакчаси ҳолатини баҳолаш имконини беради. Ушбу текширувда туғилажак фарзандингиз жинсини билиб олишингиз мумкин. Шунинг учун ўзингиз билан турмуш ўртоғингизни ҳам олиб боринг. Шунингдек, ультратовушли қурилма мониторида анча катта бўлиб қолган ҳомилани кўриб, ота ушбу ажойиб давр — ҳомиладорликка бошқача муносабатда бўла бошлайди.

Ёрқин кийинамиз!

Ушбу муддатга келиб, онанинг вазни 4,5—6 килограммгача оғирлашиши мумкин. Қорин ҳали кичкина, аммо сезиларли равишда думалоқлашган. Бу гўзалликни кўкрак пастидан кенгайиб борадиган кўйлаклар, ёрқин кофталар, элегант услубидаги шимлар (қорнида эластик резинаси бўлган) билан намоён қилинг.

Ҳозир сиз жуда гўзалсиз, ва бутун дунё ҳам сизга қараб завқлансин!