Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: 30-ҳафта

30-ҳафта — кўп нарсани англатади. Биринчидан қориндаги бола муайян кўникма ва реакцияларга эга деярли шаклланиб бўлган митти одамча. Иккинчидан, туғруқ таътилига чиқиш вақти келди. Учинчидан, туғруққача яқин қолди.

Болангиз ҳозир қандай? Ультратовушли текширувда боланинг нафақат аниқ-равшан қиёфасини, балки нафас олаётганини, она қорнидан ташқарига чиққач, илк ҳаракатларини мустақил равишда бажаришга, нафас олиб-нафас чиқаришга тайёрланаётганини кўриш мумкин.

30-ҳафтада ҳомиланинг ривожланиши

Бола уйқусида кафтини мушт қилиб тугишни, елкаларини қисишни, юзини бужмайтиришни ва керишишни билади. У сизни тушунади, уни ҳаммаси қониқтирса ёки нимадир қониқтирмаса, реакция кўрсатади. Масалан, қоринни силаганингизда ижобий реакция, тамаки тутуни бўлган муҳитга тушганингизда ёки ноқулай ҳолатда ўтирганингизда салбий реакция кўрсатиши мумкин.

Боланинг кўзлари катта очиқ бўлади ва кўз косаси ичида ҳаракатланиш имкониятини қўлга киритади. У ўзига тери ва қорин мушаклари орқали ўтадиган ёруғликка жавоб кўрсатади (нур қанчалик ёруғ бўлса, у шунчалик қаттиқроқ тепкилаши мумкин), унинг танасида туклар ўсмоқда, унда уйқу ва уйғоқлик ритми ишлаб чиқилган, ўпкалар эса мустақил ишлашга тайёрланмоқда. 30-ҳафтада боланинг мияси массаси катталашади, ундаги эгат ва бурмалар сони ҳам кўпаяди. Бош мия қобиғининг функциялари эса болангизда у туғилганидан сўнг ривожланади.

30-ҳафтада боланинг оғирлиги

Ҳозир боланинг оғирлиги 1,4—1,5 килограммни, бўйи 37—38 сантиметрни ташкил қилади. Бола катталашган, аммо ҳамон она қорнидаги ҳолатини ўзгартиришда давом этмоқда. Эркин ҳаракатланиш учун унда яна икки ҳафтача вақт бор. Шундан сўнг бола муайян ҳолатни — бошини пастга ёки юқорига қилган ҳолда — эгаллашига тўғри келади.

30-ҳафтадаги қимирлашлар

Ушбу муддатда ўз ҳиссиётларингиз, қорин ичидаги ҳаракатлар, итаришлар ва мушт билан уришларга диққат билан муносабатда бўлиш зарур. Боланинг қанчалик фаоллигини, қанчалик нормал тарзда ривожланаётганини, ҳомиладорликнинг кейинги боришига ҳеч нарса хавф солмаётганини аниқлаш учун қимирлашлар орасидаги танаффусларга қизиқиш ва баъзи ўлчовларни амалга ошириш керак.

  • Соат бўйича ўлчаш: боланинг фаол ҳаракатланиши вақтида камида 6 марта қимирлаш.
  • Олти соатлик ўлчаш: камида 10 марта қимирлаш.
  • Ўн икки соатлик ўлчаш: камида 24 марта қимирлаш.

“Юқори даражали серюнглик”

Ҳомиладорликнинг 30-ҳафтасида бола лануго — баданидаги туклардан халос бўла бошлайди. Баъзан уларнинг бир қисми, баъзан эса анча катта қисми қолиб кетиши мумкин. Шунда серсоч чақалоқ дунёга келади.

Бироқ ҳар бир болада тук қопламаси ўзига хос тезликда ва қалинликда ўсади. Баъзи болалар тайёр кокил билан, бошқлари эса кал бўлиб туғилиши — нормал ҳолат.

Она ўзини қандай ҳис қилади?

30-ҳафтада қоринда бола анча катталашиб қолиши туфайли аёл маълум ноқулайликларни ҳис қилиши мумкин. Ички органларингиз сиқилиб қолади, ва ҳаракатларингиз сустлашади, юришингиз ҳам тебраниш хусусиятини касб этиб, ўрдакникига ўхшаб қолади.

Гавдангизнинг оғирлик маркази силжишда давом этса-да, гавдани тўғри тутиш кераклигини унутманг. Моддалар алмашинуви шунчалик кучайганки, илиқ ёки салқин ҳаво ҳам сизга жуда иссиқ бўлиб туюлиши мумкин. Тер ажралиши кучаяди.

Сўнгги уч ойликда аёллар кўпинча камқонликдан азоб чекади, қорин соҳасида узун қизил доғлар пайдо бўлиши мумкин. Бачадон жуда юқорига кўтарилади. Бундай силжиш натижасида диафрагма юракка босим ўтказади ва у ўз ҳолатини ўзгартириб, ёнбошга “ётади”. Бунинг оқибатида сиз нафас олишга қийналишингиз, нафасингиз қисиши мумкин.

30-ҳафтада камсувлик

Бу вақтда камсувлик ташхиси қўйилиши мумкин. Ҳомилани ўраб турган сув 500 миллилитрдан кам бўлса, одатда, бундай ташхис қўйилади. Бу сувнинг пайдо бўлиши ёки сўрилишининг бузилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шунингдек, бу аёл организмидаги қандайдир носоғломликдан дарак бериши мумкин. Бундай ташхисни шифокор тўлиқ текширувдан сўнггина қўя олади. Ҳомиладорга махсус даволаш буюрилади.

Зудлик билан туғруқ таътилига!

30-ҳафта келдими, демак туғруқ таътилига чиқиш мумкин. Бу вақтни дам олишга, уйқуга ва сайрларга сарфланг. Ўз меъёрида фаол бўлинг, туғруққа тайёрланинг ва шуни ёдда тутингки, онанинг чарчоғи ёки лоҳаслиги болага таъсир қилади. Сиз бир-бирингизга тетик, соғлом ва фаол ҳолатда кераксиз.