Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: Тўққизинчи ҳафта

Ҳомиладорликнинг тўққизинчи ҳафтаси — бўйида бўлганидан кейинги тахминан еттинчи ҳафтадир. Тухумҳужайра уруғланган кунни аниқ айтиб бўлмаслиги туфайли, бўйида бўлган вақтдан буён олти ҳафта ҳам, саккиз ҳафта ҳам ўтган бўлиши мумкин.

Тўққизинчи ҳафтада нималар содир бўлади?

Бу даврда бачадон бироз катталашган, бироқ унинг деворлари ҳозирча сезиларсиз равишда чўзилган. Ҳозир қорин териси чўзилиб, тўқималар шикастланишининг олдини олиш учун яхши крем харид қилишнинг айни вақти. У етарли миқдордаги А ва E витаминларига эга эканлигига эътибор беринг.

Тўққизинчи ҳафтадаги ҳис-туйғулар

Ушбу муддатда бироз вазн ташлашингиз мумкин, бу ҳомиладорликнинг биринчи ярмидаги токсикоз кучайиши билан боғлиқ. Бироқ сўнгги 2—3 ҳафта ичида токсикоздан азоб чекмаган бўлсангиз, у ҳолда вазнингиз аста-секинлик билан оғирлаша бошлайди.

Тўққизинчи ҳафтада аёлда кучли толиқиш, кескин ҳаракатлар натижасида тез-тез бош айланиши сақланиб қолади. Ҳушидан кетишнинг олдини олиш учун эҳтиёт бўлиш зарур.

Бу даврда энг сезиларли кўриниш оладиган белгилардан бири сут безларининг катталашиши ва шишишидир. Шу тариқа, организмингиз бўлажак эмизиш жараёнига тайёрланмоқда. Тўқималарнинг чўзилиши билан боғлиқ илк ҳолатлар кузатилиши эҳтимоли катта.

Ҳомила

Тўққизинчи ҳафтада ҳомиланинг бош мияси фаол ривожланишда давом этади. У иккита ярим шарга ажралган, энди эса ҳаракатлар координацияси учун жавоб берувчи кичик мия бўлими ҳам шакллана бошлайди.

Мушаклар ўсиши тезлашади, қўл-оёқлар бироз қалинлашади. Энди ҳомиланинг ҳаракатлари анча мувофиқлашган тус олади. У қўл ва оёқчаларини қимирлата бошлайди. Анча тараққий этган қон билан таъминлаш тизими туфайли қўллар оёқларга қараганда ривожланишда илғор бўлади.

Қўл бармоқлари узунлашади, бунгача улар орасида мавжуд бўлган пардалар йўқолади. Кафтлар шаклланади. Тўққизинчи ҳафтада ҳомиланинг қадди сезиларли даражада ростланади ва думи йўқолади.

Жинсий ҳаёт

Ҳомиладорлик учун хавф мавжуд бўлмаса, бу муддатда жинсий ҳаётни давом эттириш мумкин. Жинсий алоқа ҳомиладорликнинг илк ҳафталарида тақиқланмаса-да, номақбул ҳисобланади. У бачадондан қон келиши, оқибатда эса унинг тонуси кўтарилишига олиб келиши мумкин. Эҳтиёт бўлиш зарур. Агар тўққизинчи ҳафтада тўсатдан тўқ ёки жигарранг ажралмалар кела бошласа, жинсий яқинликдан сақланган маъқул. Бу ҳолда гинеколог билан маслаҳатлашинг. Оқимтир ёки сарғиш ажралмалар эса нормал ҳисобланади.

Овқатланиш

Овқатланиш рационига алоҳида эътибор бериш зарур. Чунки барвақт токсикоз таъсирини ҳисобга олган ҳолда, ейиш мумкин бўлган овқатлар хилма-хиллиги анча камаяди. Энди овқатланиш ҳақиқий азобга айланиши мумкин. Ҳар қандай таомдан кўнглингиз айниши, шу билан бир вақтда, маълум бир маҳсулот турига нисбатан иштиёқ уйғониши мумкин.

Яхшиси, кам-камдан тез-тез еган маъқул. Бу кўнгил айниши билан боғлиқ хуружларни енгишга ёрдам беради ва организмга озиқ моддалари етиб боришини таъминлайди. Токсикоз одатда эрталаблари энг кўп қийнагани сабабли, одатий нонуштангизни 2—3 та алоҳида порцияга бўлиб, ҳар хил вақтларда истеъмол қилган маъқул.