Ҳомиладорлик тақвими: Биринчи ҳафта
Ҳомиладорлик тақвими: Иккинчи ҳафта
Ҳомиладорлик тақвими: Учинчи ҳафта
Ҳомиладорликнинг акушерлик ҳисоб-китоблари бўйича тўртинчи ҳафтасида эмбрион “ўз уйи”га қараб отланади. У ўз жойига бориб етиб, саккиз ярим ой давомида ўзи яшайдиган пуфакни ҳосил қилгунига қадар кўп қийинчиликларни бошидан кечиради.
Ушбу даврнинг хатарлилиги шундаки, бачадондан ташқари ҳомила хавфи мавжуд. Агар эмбрион якуний нуқтага етиб боришга улгурмаса ва туғилиш йўлларида ўса бошласа, шифокорлар бачадондан ташқари ҳомилани қайд этади.
Ҳомиладорликнинг тўртинчи ҳафтасидаги белгилар
Биринчидан, ҳайз кечика бошлайди. Агар ҳайз ҳатто бир кунга кечикса ҳам, тестни амалга ошириб кўриш мумкин: у 98 фоизгача аниқликда натижани кўрсатиб беради.
Гинеколог тўртинчи ҳафтада бачадон бўйни ранги ва тузилмасида ўзгаришларни кузатиши мумкин, аммо якуний хулосани бермайди.
Ультратовушли текширувни ўтказиш учун ҳали жуда эрта, чунки ҳомила ҳали ўз жойига етиб борганича йўқ. УТТ 8-ҳафтага яқин натижани кўрсата олиши мумкин.
Ҳомиладорнинг тўртинчи ҳафтасида ҳомиланинг ривожланиши
Тўртинчи ҳафтага қадар ҳомила қандайдир кўп қаватли ясси диск кўринишида бўлади. Айни шу дамдан бошлаб эса у муайян ўзгаришларга учраб, эмбрионга айланади. Ҳомиладорликнинг тўртинчи ҳафтасида ҳомила катталиги энига 1 мм, бўйига 0,36 мм ни ташкил этади. Ушбу босқичда йўлдош ва ҳомила атрофидаги сув пайдо бўлади.
Шуниси ҳайратланарлики, тўртинчи ҳафтадаёқ бўлажак чақалоқнинг боши шакллана бошлайди. Бу пайтда учта асосий қават — эктодерма, эндодерма ва мезодерма ажралиб чиқади. Айнан улар мия, қалқонсимон ва ошқозоности бези, қон, мускуллар ва скелет шаклланишига бевосита таъсир кўрсатади.
Тўртинчи ҳафтадаги ҳис-туйғулар
Бу даврда қориннинг пастки қисми тортишиб оғриши, кўкрак сезувчанлигининг ошиши, кайфият кескин ўзгариб туриши мумкин, баъзи ҳолларда эса токсикоз ҳам кузатилиши мумкин. Бироқ одатда бўлажак оналар бу даврда ҳеч қандай ўзгаришларни пайқамайди.
Витаминлар
Ҳомиладорликнинг илк кунлари учун мўлжалланган энг кенг тарқалган дори-дармон фоли кислотасидир. Уни ҳомиладорликни режалаштириш ва унга тайёргарлик кўриш вақтидан бошлаб 12-ҳафтагача ичиш тавсия этилади. Фоли кислотаси бола ривожланишига, хусусан, асаб тизими ҳамда кўпчилик органлар ва тўқималар ривожланишига ёрдам беради.
Ҳомиладорлар учун махсус ишлаб чиқилган витаминлар комплексини ҳам қабул қилиш мумкин.
Ҳар қандай анестезиядан узоқроқ туриш зарур. Ҳатто тишларни даволатишни ҳам иложи борича ҳомиладорликнинг иккинчи триместр (уч ойлик)ига қолдирган маъқул. Қолган дориларни фақат шифокор маслаҳатига кўра ичиш мумкин.