Ҳомиладорлик тақвими: Биринчи ҳафта
Ҳомиладорлик тақвими: Иккинчи ҳафта
Ҳомиладорликнинг учинчи ҳафтаси ҳал қилувчи ва ҳомиладорликни “режалаштириш” босқичидан реал мавжудликка ўтказувчи даврдир. Агар тухумҳужайранинг уруғланиши иккинчи ҳафта сўнгида амалга ошмаган бўлса, унда учинчи ҳафта — бўйида бўлиш учун энг қулай вақт.
Акушерлик нуқтаи назаридан ҳомиладорликнинг учинчи ҳафтасида ҳомила фаол ривожланишни бошлайди, шунингдек, тухумҳужайра миграцияси содир бўлади, унинг ушбу босқичдаги мақсади — бачадон бўшлиғига тезроқ тушиб, у ерда бачадон деворига бириккан ҳолда, мустаҳкам жойлашиб олишдан иборат.
Ҳомиладорликнинг учинчи ҳафтасида нималар содир бўлади
Аниқлик киритиладиган бўлса, ҳомиладорликнинг учинчи ҳафтаси — ҳомилангизнинг энг биринчи ҳафтасидир. Овуляция бошланганидан буён тухумҳужайрада сперматозоид билан бачадон найида учрашиш учун бор-йўғи 24 соат вақт бор эди. Агар бу ўз вақтида рўй бермаса, у уруғланиш қобилиятини йўқотади.
Шу туфайли учинчи ҳафтадаги энг муҳим ҳодиса уруғланишнинг ўзи ҳисобланади. Ушбу ҳафтанинг биринчи кунларида зигота (уруғланган тухумҳужайра) ҳали бачадон найи бўшлиғида, унинг деворига бирикмаган ҳолда турган бўлади. У бачадонга қараб тўхтовсиз ҳаракатини давом эттиради. Ҳомилага келсак, у бачадон найи безлари ажратадиган оқсил бирикмалари ҳамда ўзининг энергия захиралари ҳисобидан озиқланади.
Бачадон бўшлиғига тушиб, унинг ички қобиғига киргач, эмбрион бачадон деворига, аниқроғи, эндометрия қаватига синга бошлайди. Ушбу жараён имплантация деб аталади. Агар барчаси муваффақиятли кечса, унда учинчи ҳафта охирига келиб, эмбрион қулай ва озуқа билан таъминлаб турувчи муҳитга — эндометрия қатламига мустаҳкам жойлашиб олади, шундан сўнг она организми ва ҳомила ўртасида пухта ва кўп томонлама алоқа ўрнатилади.
Ҳомиладорликнинг иккинчи ҳафтасидаги белгилар
Ушбу муддатда организмда аниқ бир ўзгаришлар содир бўлмайди, бироқ кўпчилик аёллар бу пайтда ҳайз кўришга яқин қолганда бўладиган белгиларни кузатиши мумкин. Бундан ташқари, енгил бош айланиши, уйқучилик, қорин остининг тортишиб оғриши, кўкракнинг бироз бўртиб қолиши каби белгилар ҳам учраши мумкин.
Бўлажак чақалоқ
Акушерлик тақвими бўйича учинчи ҳафтада бўлажак чақалоқ ҳали жуда кичик. У муҳим ирсий ахборотга эга ҳужайралар гуруҳи, холос.
Бироқ ривожланиш ва шаклланиш жараёни илдам бормоқда. Бу вақтда ҳомила ҳажми 0,1—0,2 мм диаметрли ичи ковак шарни эслатади, ҳужайралар сони 250 тагача етади. Учинчи ҳафтада эмбрион амниотик суюқлик билан тўлдирилган митти сув халтачасига жойлашган бўлади. У ҳали-ҳамон озуқа моддаларини аёл организмидан эмас, тухум сариғи халтачасидан олмоқда. Айнан унда ҳозир қон шаклланиши жараёни бормоқда.
Хавфсизлик — ҳаммасидан муҳими!
Ҳомиладорликнинг учинчи ҳафтаси — унинг кечиш жараёнидаги энг нозик пайтлардан биридир. Овуляциядан кейин ҳафта давомида ўзини асабий жиҳатдан зўриқиш, қаттиқ чарчаш ва оғир жисмоний ҳаракатлардан асраш жуда муҳим. Бу энди пайдо бўлаётган ҳаётни қандайдир хавф остига қўймаслик учун зарур. Шунингдек, кучли таъсир қилувчи дорилар, айниқса, антибиотиклар ичиш тақиқланади.
Ушбу босқичда ҳомиланинг ички органларига асос солина бошлайди. Шу туфайли ҳомиладорликнинг илк кунлариданоқ ўзини ҳар қандай салбий таъсир қилувчи омиллардан асраш муҳимдир.