Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: Еттинчи ҳафта

Ҳомиладорликнинг еттинчи ҳафтасида организм қайтадан қурила бошлайди, гормонал фон ўзгаради ва ҳомиладорлик белгилари янада аниқ-равшан кузатилади.

Еттинчи ҳафтадаги ҳис-туйғулар

Бу даврдан токсикоз юзага келиши муқаррар. У туфайли овқатланиш режими бузилади: баъзан тановул қилиш истаги умуман бўлмайди, баъзан эса турли егуликлар билан боғлиқ хоҳишлар юзага келади. Ланжлик ва уйқучилик — ҳомиладорликнинг еттинчи ҳафтасига хос оддий ҳолатлардир. Буларнинг барчасига гормонлар, аниқроғи, уларнинг қайтадан қурилиши, бир-бирига бўлган нисбатининг ўзгариши сабабчидир.

Ҳомиладорликнинг еттинчи ҳафтасида нималар содир бўлади?

Озиқ моддалар, минерал ва витаминлар бола озиқланиши учун сарф бўла бошлагани туфайли, тери ва сочнинг ҳолати ёмонлашиши мумкин. Гормонлар ҳомиладорлар хлоазми ривожланишига таъсир кўрсатиши эҳтимоли бор (доғлар пайдо бўлади). Шу туфайли тўғри овқатланиш ҳамда витамин ва минераллар комплексларини қабул қилиб туриш жуда муҳим. Бу даврда фолий кислотаси алоҳида аҳамиятга эга, у боланинг асаб тизими шаклланиши учун зарур.

Еттинчи ҳафтадаги белгилар

Кўкрак катталашади, қоматнинг бошқа қисмларида ҳам ўзгаришлар кузатилади: гормонал жиҳатдан қайта қурилиш ҳисобидан ёғ тўқималари қайтадан тақсимланади ва қомат тўлароқ кўриниш олади.

Қиндаги эпителий тўқимаси анча тез-тез янгиланади, бунинг устига, қон қуйилиши кўпаяди, натижада еттинчи ҳафтада ажралмалар бироз сарғиш ранг олади. Бу табиий ва нормал ҳолатдир. Аммо еттинчи ҳафтада муайян даврийлик билан қорин оғриса ва қон аралаш шиллиқ ажралма келса — гинекологга мурожаат қилиш шарт. Бу бачадон гипертонусидан дарак бериши мумкин.

Болада нималар содир бўлади?

Ҳомиладорликнинг еттинчи ҳафтасида эмбрионал давр тугаб, эмбриофетал давр бошланади. Энди болани ҳомила деб аташ мумкин. У барча бичим ва органларга эга (асаб ва эндокрин тизимидан ташқари) митти одамчага ўхшаб қолган. Бош мия фаол тарзда шаклланмоқда. Ҳафта охирига келиб, жинсий бўртмача ҳосил бўлади, ундан жинсий органлар шаклланади. Жабралар тўлиқ йўқолган, аммо кичик думча ҳали ҳам бор. Ҳомила бироз ростланади ва бўйин ўрнини кўриш мумкин. Бу босқичда оёқ-қўллар аниқ кўринади, бироқ бармоқлар ажралганича йўқ. Оёқлар қўлларга нисбатан сал секинроқ ўсади.

Юз ҳам шу даврда шаклланади. Оғизча кўриниб қолади, бурун тешиклари билина бошлайди, жағлар шаклланади. Еттинчи ҳафта охирига келиб, ҳомила узунлиги 5—13 мм, оғирлиги 0,8 граммни ташкил этади. Жинсни ҳозирча ультратовушли текширув орқали аниқлаб бўлмайди.

Асосий тиббий текширувлар

Ушбу ҳафтада шифокор аёлнинг тос айланмасини ва оғирлигини ўлчаб кўради, инфекцияни текшириш учун намуна (мазок) олинади. Бу муддатда одатда креслода кўрилмайди.

Гинеколог сийдик ва қон таҳлиллари, ОИВ-инфекцияси, гепатитлар, RW (заҳм)га қон таҳлили учун йўлланма беради. Терапевт ва тиш шифокори кўригидан ўтиш мажбурий. Баъзан шу ҳафтада УТТга ҳам йўлланма берилиши мумкин (кўп ҳомилали ҳомиладорликни аниқлаш учун).