Ҳомиладорлик даври йилнинг икки мавсумини ўз ичига олади. Ҳар бир мавсумнинг ўз инжиқликлари бор. Албатта грипп эпидемияси кенг тарқалган пайтларда ҳомиладор аёллар имкон қадар одам гавжум жойларда камроқ бўлишлари лозим. Лекин бу ҳам шамоллаб қолмаслик учун 100 фоизлик кафолат бўлмайди. Масалан, ёзда ҳам елвизаклар, уй, ишхоналарга ўрнатиладиган совуткичлар ёки жазирамада жонга ором берувчи муздек егулигу ичимликлар таъсирида шамоллаб қолиш хеч гап эмас. Хўш, бўлажак она ўзини авайлашга шунча уринса-да, шамоллаб қолса, қандай чораларни қўллаш керак?
Бўлажак она ҳомиладорликнинг эрта муддатларида шамоллаб қолса, ҳомилада кислород етишмаслик аломатлари юзага келиши ва ҳомила ривожланишдан ортда қолиши мумкин. Шунинг учун бу вазиятда организмдаги инфекцияни бартараф этишга қаратилган даво чораларини қўллаш ниҳоятда муҳим. Оғир вирусли инфекциялар ҳомиланинг айнан она шамоллаган даврида шакллана бошлаган аъзолари ривожидаги бузилишлар кўринишида таъсир қилиши мумкин. Грипп оқибатида ҳомилани ўраб турган сувнинг кўпайиши ва лойқаланиши, ҳомила тушиш хавфи, муддатдан олдинги туғруқ ва аёл саломатлигининг ёмонлашуви (айниқса, иммун тизими зарар кўради) каби нохуш ҳолатлар юзага келиши мумкин.
Илк аломатларини сезишингиз ҳамон…
- Агар ўткир респиратор касалликларни юриб ўтказган бўлсангиз, ҳомиладорликда асло бундай қила кўрманг. Шунинг учун кун тартибингизни шундай режалаштирингки, унда етарлича дам олишга ҳам вақтингиз бўлсин. Албатта стационар шароитда даволанинг.
- Агар шомоллаганингизни, томоқ қичишиши, бошда оғирликни сезсангиз, суюқлик истеъмол қилишни кўпайтиринг: лимонли ёки малинали чой, малина барглари ёки шохчаларидан дамламалар, асалли сут шулар жумласидандир.
- Томоқ қичишганида лимоннинг бўлагини шимиш фойдали (шакарсиз).
- Бундай пайтда организмга ўз-ўзини тиклаши учун кўпроқ куч керак. Унинг кучини эса оғир, ёғли овқатларни ҳазм қилишга йўналтирмаган маъқул. Шунинг учун шамоллаган даврда паст калорияли парҳезга амал қилган маъқул.
- Туз истеъмол қилишдан чекланинг, у шишларни юзага келтиришга қодир. Бу эса бурун битишига ўхшаш ёқимсиз ҳолатларни кучайтиради холос.
- Пиёз ёки саримсоқ пиёзни майда бўлакларга бўлиб, идишчаларга солинг-да хонанинг ҳар жойига қўйиб чиқинг. Бу ҳам шамоллашга қарши кураш воситаси, ҳам оиланинг бошқа аъзолари вирусли инфекцияларни юқтириб олишининг олдини олади.
Ёдингизда бўлсин, шамоллаш энди бошланаётганда бўлажак оналарга оёқларни буғлаш ва иссиқ ванна қилиш мумкин эмас. Яна, баъзи доривор гиёҳлардан фойдаланиш тақиқланади. Борди-ю, улардан фойдаланишга қарор қилсангиз, албатта йўриқномасини диққат билан ўқинг.
Антибиотикларни қўллаш мумкинми?
Ҳомиладорликда антибиотикларни фақатгина гриппнинг оғир асоратлари юзага келган (масалан, ўпкалар яллиғланиши хавфи бўлган) ҳоллардагина тавсия этилади. Шунда ҳам уларнинг барчаси ҳомиладорликда қўлланилавермайди. Шифокорлар фақатгина йўриқномасида бўлажак оналарга қўллашга рухсат берилганларинигина ёзиб беришади. Уларни фақатгина шифокор назорати остида, ўта эхтиёткорлик билан қўллаш лозим.
Манба: Beka.Uz