Биласизми?

Инклюзив таълим: Ногиронлик айб эмас!

Туғма ногирон ташҳиси билан дунёга келган фарзанд ота-она ва унинг яқинлари учун бир умрлик оғриқ. Бундай вазиятда ота-она ўз нуридийдасининг олдида ўзини гуноҳкор санайди. Унинг эртасидан ҳар вақт ташвишда бўлади.

Ҳукуматимиз томонидан имконияти чекланган болаларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилади. Ногиронлик нафақаси тайинланишидан ташқари, болажонлар учун махсус ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасалари, мактаблар ташкил этилган. Бу масканларда уларнинг тарбияси билан логопед-дефектологлар, психоневрологлар, юқори малакали тарбиячилар шуғулланади.

Маълумки, бундай болажонларга алоҳида эътибор ва меҳр керак. Агарда бола соғлом муҳит ва соғлом опа-укалар бағрида вояга етса унинг ақлий ҳамда жисмоний етуклиги соғлом тенгқурлари қатори меъёрида бўлади.

Мутахассисларнинг фикрича, бундай болалар нафақат оилада балки, боғча ва мактабда ҳам соғлом тенгқурлари даврасида бўлиши жамият учун фақат фойдадир. Чунки болада яшашга, илм олишга, юқори марралар сари интилишга иштиёқ уйғонади.

Шуларни инобатга олиб, 2014 йилдан Инклюзив таълим лойиҳаси доирасида имконияти чекланган болаларни оммавий боғча ва мактабларга қабул қилиш ишлари бошлаб юборилди. Лойиҳанинг ижро жараёни натижалари юзасидан Тошкент ва Тошкент вилояти бўйича координатор, нодавлат ўқув коррекцион-реабилитацион маркази  директорининг фикрлари билан қизиқдик.

Дилдора Тўлаганова, мутахассис:

— Пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманидаги 324-сонли умумтаълим мактабида ресурс ташкил этилди. Яъни ушбу таълим маскани имконияти чекланган болалар учун махсус мослама ва қўлланмалар билан таъминланди. Лойиҳа хозирча Шайхонтохур туманидан 4 та мактабгача таълим муассаси, 4 та умумтаълим мактабини, Мирзо Улуғбек туманидан 1 та мактабгача таълим муассасини қамраб олди. Сўнгги кунларда Юнусобод туманидаги 500-сонли МТМ ўзи таклиф билан чиқиб, Инклюзив таълим лойиҳасига қўшилди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунгача юқорида қайд этилган боғча ва мактабларга қабул қилинган болажонларнинг умумий сони 73 нафарга етди.

Шунингдек, Тошкент вилояти, Самарқанд, Наманган, Урганч ва Термизда ҳам 3 тадан умумтаълим пилот мактаблар ва биттадан  мактабгача таълим муассасалари лойиҳа доирасида ўз фаолиятини бошлаб юборди.

Имконияти чекланган болажонларни оммавий боғча ёки умумтаълим мактабига бериш тартиби бўйича айни пайтда туман Халқ таълими бўлимларида ташкил этилган махсус комиссияга мурожаат этиш мумкин.

Мазкур лойиҳа имконияти чекланган болаларнинг жамиятимизга комил инсон бўлиб етишишида муҳим аҳамиятга эга. Келажакда лойиҳанинг қамрови яна-да кенгайиб, ўз самарасини беради, деган умиддамиз.

Манба: Qalampir.uz