Саломатлик

Кундузги уйқу бола учун қанчалик муҳим?

Шифокорлар таъкидлашича, тўла сифатли кундузги уйқу болага қуйидагича таъсир ўтказади:

  • сермаҳсул фикрлаш ва диққатни бир ерга тўплашга имкон яратади;
  • руҳий ҳолатга ижобий таъсир қилади;
  • неврологик бузилишлар ва касалликлар профилактикаси вазифасини ўтайди;
  • оламни максимал даражада мустақил тарзда англаш ва ота-она назоратига минимал даражада эҳтиёж сезишда ёрдам беради.

Таъкидлаш жоиз, кундузги уйқу нафақат янги туғилган чақалоққа, балки бир ёшли бола учун ҳам ижобий хусусият касб этади. Кўплаб оналар бола кундузи уйқуга тўймаса, кечаси осонроқ ва қаттиқроқ ухлаб қолади, деган янглиш фикрда бўлади. Аслида эса тескари манзара кузатилади: тетик бола уйқуга кета олмайди, тунги вақтда ҳам ҳадеб уйғонаверади. Бундай натижани жуда оддий қилиб тушунтириб бериш мумкин: организмнинг асаб ҳужайралари ҳаддан ташқари чарчайди ва ўз ишини тўла сифатли бажара олмайди.

Кундузги уйқуни тўғри ташкил қилиш

  • Уйқуга кетиш олдидан бажариладиган одатларни шакллантиринг: ювиниш, тиш тозалаш, соч тараш, китоб ўқиш каби ҳаракатлар болада уйқу билан боғлиқ ассоциацияни юзага келтирсин.
  • Боланинг мустақил тарзда ухлаб қолишига қўйиб беринг. Уйқуга кетиш тебратиш, қўшиқ айтиш ёки эмизишга боғлиқ бўлиб қолмасин.
  • Боланинг уйқуси қаттиқ бўлишида каравот, тўғри танланган тўшак, ёстиқ ва чойшаб ҳам муҳим роль ўйнайди. Каравот сифатли, аллергия чақирмайдиган материаллардан ясалган бўлиши ва боланинг ёшига мос келиши керак. Тўшакни шифокор маслаҳатига кўра танланг, ёстиқ бир ёшгача керак эмас, чойшаблар эса табиий матодан тикилганига аҳамият беринг.
  • Уйқудан олдин хонада қулай ҳарорат яратинг, хонани шамоллатинг.

Қанча ухлашни боланинг ўзи ҳал қилади

Бола кунига қанча ухлаши керак? — деган саволга ҳар бир она ўз фарзандининг шахсий истакларидан келиб чиқиб жавоб топиши керак. Таниқли педиатр Комаровскийнинг тадқиқотларига кўра, болаларнинг бир суткада уйқуга ўртача эҳтиёжи ёшга қараб қуйидагича бўлади:

  • 3 ойликкача — суткасига 16—20 соат
  • 6 ойликдан — суткасига 14—15 соат
  • 1 ёшдан кейин — суткасига 13,5 соат

Ушбу рақамлардан тунги уйқу соатларини ажратиб олсак (тахминан 10—12 соат), боланинг кундузги уйқуси қанча бўлиши кераклигини аниқлаш мумкин:

  • 3 ойликкача — 4—8 соат
  • 6 ойликдан — 3—6 соат
  • 1 ёшдан кейин — 2—4 соат

Агар боланинг уйқуси меъёрига етмаётган бўлса, бироқ у ўзини яхши ҳис қилиб, иштаҳаси жойида бўлса, тетик ва қувноқ бўлса, хавотирланиш керак эмас: бу боланинг организми айнан шундай уйқу режимини талаб қилаётганини билдиради.