— Саккиз ёшли қизим тенгқурларига нисбатан йирикроқ кўринади. Кун сайин тўлишиб кетаётганидан эса қаттиқ хавотирдаман. Иштаҳаси яхши, аммо шунга яраша ҳаракатчан ҳам. Наҳот болаларда ҳам гормонал ўзгаришлар кузатилса?! Шу ҳақида маълумот берсангиз...
А.Муродова, Навоий вилояти
Магина АРТИКОВА, шифокор-педиатр:
— 8-12 ёшли қизларда кузатиладиган вазн ортиши пубертат даврига ўтиш олди ҳолати бўлиб, организмдаги гормонал ҳолат ўзгариши туфайли келиб чиқади. Инсулин кўп миқдорда ишлаб чиқарила бошлангани учун боланинг иштаҳаси яхшиланади, одатдагидан кўпроқ таомлана бошлайди. Бу вақтда сизнинг асосий вазифангиз таомномани тўғри ташкиллаштириш.
Енгил углеводлар ҳисобланган пирожний, ширинликлар, сосиска, дудланган колбаса маҳсулотларини камайтириш керак. Кун давомида тез-тез, аммо кам миқдорда овқатланишга ўргатинг. Ҳафтада икки-уч маротаба спорт тўгаракларига қатнашсин. Сузиш, бадиий гимнастика машғулотлари қоматни тартибга келтиришда асқатади. Борди-ю, кам истеъмол қилса-ю, тўлишишда давом этаяпти, десангиз, эндокринолог шифокор кўригига олиб боринг. Гормонлар таҳлили ўтказилгач, муаммо нимада эканлигини аниқлашади.
Манба: Darakchi.uz