Биласизми?

Мактаб дарсликлари қачон эркин савдога чиқарилади?

МАКТАБ ДАРСЛИКЛАРИ ҲАМ ЭРКИН САВДОГА ЧИҚАРИЛАДИМИ?

Мактаб дарсликлари ҳам эркин савдога чиқариладими? Фарзандларимизга олий таълим муассасаларига махсус тайёрланишлари учун бу дарсликлар жуда зарур?

Салим Юсупов, Самарқанд вилояти Нарпай тумани

Алишер САЪДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари:

— Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2014 йил 28 апрелда 2577 рақам билан рўйхатдан ўтган "Умумтаълим мактабларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тартиби тўғрисида"ги Низомида дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни эркин савдога чиқариш бўйича ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида ўтказилган саволнома натижасига кўра эркин сотиб олиш бўйича истиқбол кўрсаткичлар муассасанинг педагогик кенгаши томонидан муҳокама қилинади ва тегишли баённома билан расмийлаштирилиши белгилаб қўйилган.

Умумтаълим мактаблари бўйича буюртмалар ҳамда эркин сотиб олиш бўйича истиқбол кўрсаткичлар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шахар) бўлими томонидан фанлар, таълим тиллари, дарсликлар ва ўқув методик қўлланмалар номлари ҳамда синфлар кесимида ҳар бир умумтаълим мактаби бўйича таҳлил қилинади ва умумлаштирилади.

Туман (шаҳар) бўйича буюртмалар ҳамда эркин сотиб олиш бўйича истиқбол кўрсаткичлар Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасига тақдим этилади.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги эркин сотиб олиш бўйича истиқбол кўрсаткичлар асосида зарур ҳажмлар ва номлардаги дарсликлар ҳамда ўқув методик қўлланмаларнинг нашр этилишини таъминлайди.

Чакана савдо тармоғи орқали эркин сотиш учун нашр этилган дарсликлар ва ўқув методик қўлланмаларни сотиш учун тегишли нашриёт, босмахона ва китоб-савдо ташкилотлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда шаҳарлар ва туманлар марказларида ихтисослаштирилган ярмарка-савдо шохобчалари, олис аҳоли пунктларида дарсликлар чакана савдоси тармоқлари, шу жумладан махсус мактаб бозорлари ташкил этилади.

Манба: Darakchi.uz