Кутубхона

Мактаб формаси ҳақида

Мен ҳам педагог ва тадқиқотчи сифатида мактаб формаси мавзусига ўз муносабатимни билдирмоқчи эдим. Ўқувчининг ташқи кўринишини билим ўзлаштиришига таъсир қилиши (ҳоҳ салбий, ҳоҳ ижобий бўлсин) таъкидланиши мени ҳайратга солди. Асос-далил борми? Қайси тадқиқотлар буни тасдиқлайди? Агар рост бўлса бу педагогикада оламшумул ихтиро бўларди. Эринмасдан Интернетдан, миллионлаб китоб ва диссертациялар фондига эга Торонто жамоат кутубхонаси, Торонто университети, Онтарио таълим тадқиқотлари маркази кутубхоналаридан изладим. Бу борада олиб борилган тадқиқотлар уст кийим ўқувчининг билимни ўзлаштиришига таъсир қилмаслигини таъкидлашган. Яна энг ғашимга тегадиган фикр – фалончи мамлакатда шундай, бизда ҳам шуни қиламиз. Катталар бунақа холатда “Ҳамма томдан сакраса, сан ҳам сакрайсанми” деган нақл дарҳол ёдимга келади. Яна бир бор, ислоҳот ўтказишдан олдин тадқиқотлар ўтказиш, ҳеч бўлмаса бошқаларнинг тадқиқотларини ўқиш керак, таҳлил қилиш керак. Мактаб формаси хусусида Оксфорд, Кэмбриж, Корея ва Япония мамлакатлари мисол қилиб келтирилган. Аввало Оксфорд ва Кэмбриж инглиз тилида мактаб дейилсада, университетлар. Бундай элит мактаб ва бошқа турда таълим муассасаларида форма бу бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовутни кетказиш ёки маънавиятга асосланиш эмас. Аксинча, ҳаммага кўз-кўз қилиш, реклама, маркетинг, бизнес. Бошқа тарафдан – Жанубий Корея ва Япония. Негадир уларнинг таълим тизими ҳаммага ёқишни бошлади. Бу давлатлар бойиб бораётгани билан уларнинг таълим тизими зўр дегани эмас. Тадқиқотларни ўқиганмисиз? Корея таълим тизими кетказилган вақт билан натижа солиштирилганда энг самарасиз, деб тан олинган қатор тадқиқотлар асосида. Бу давлатлардан келган менинг талабаларимнинг кўпчилиги муомала, коммуникатив кўникмалар, танқидий фикрлаш каби 21 асрда энг муҳим ҳисобланган (тадқиқотлар асосида) кўникмалар жуда суст ривожланган. Корея, Япония давлатлари ўз жонига қасд қилувчилар (хусусан, мактабдаги юкламани кўтара олмаган ўқувчилар) сони бўйича етакчилик қилишади.

Нодира Исамуҳамедова