Тошкент шаҳар ҳокимлигида 14 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида шаҳардаги мактаблар ва ўрта махсус таълим муассасаларидаги ўқувчилар давомати ва ўқув жараёни таҳлил қилинди. Бу ҳақда Kun.uz ёзмоқда.
Матбуот анжуманида маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида жойлашган таълим муассасаларида ўқувчилар давоматини яхшилаш ва умумтаълим мактаблари 9-синф битирувчиларини ишга олиш бўйича шаҳар ва туман ҳокимликларида доимий ишчи гуруҳлар тузилган.
Шунингдек, Ўзбекистондаги мактабларда 1 март кунидан бошлаб «Камолот» тарбиячиси лавозими пайдо бўлган. Бундай тарбиячининг асосий вазифаси ўқувчиларга дарсларни ўзлаштиришда ёрдам кўрсатиш ҳамда уларнинг дарс қолдирмаслигини таъминлаш бўлади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги, шаҳар прокуратураси, ИИББ, Хотин-қизлар қўмитаси, Халқ таълими бошқармаси, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Камолот» ЁИҲ шаҳар кенгаши ҳамкорлигида қабул қилинган «2016-2017 йилги ўқув йилида умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ўқувчилар давоматини тўлиқ таъминлаш, 9-синф битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқишга қамраб олишни амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қўшма қарорга кўра, «Камолот» тарбиячилари ва мактаб маъмурияти 10 кун ичида доимий равишда дарсларни қолдираётган ўқувчи ва талабалар рўйхатини тузиши керак бўлади.
Шунингдек, 1 ҳафта муддат ичида барча таълим муассасаларидаги реал давоматни аниқлаш, маҳалла профилактика инспекторларини таълим муассасаларига бириктириш белгиланган. Профилактика инспекторлари сабабсиз дарс қолдираётган, таълим муассасаси ички тартибларига риоя қилмайдиган ўқувчиларнинг ота-оналари билан ишлайди.
Фарзандлари тарбиясига салбий кўрсатувчи, шунингдек, улар тарбиясига эътиборсиз ота-оналар билан алоҳида иш олиб бориш ва туман ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар йиғилишини ўтказиб, ўз ваколати доирасида тегишли чоралар кўриш белгиланган.
Ўқув муассасалари раҳбарларига эса талаб қаттиқ бўлади. Мактаб директорлари реал давоматни яширган ҳолларда ишдан ҳайдалади.