Биласизми?

Morgan компанияси болалар учун электромобиль чиқара бошлади

Британиянинг Morgan компанияси спорт автомобилларини қўлда йиғади. Компания яқинда ёш мухлисларини EV3 Junior ретро-электрокари билан суюнтирди. Junior замонавий ва экологик қилиб ишланган.

Ўйинчоқ, аммо болалар измида яхши ҳаракатланувчи машина 30-йилларнинг болидига ўхшамайди. Учта ғилдираги бор, каттагина батарея ўрнатилган, корпуси углерод толасидан ишланган. Салонидаги деталлари хромланган, ёғоч қопланган. Ҳайдовчи ўтирадиган ягона ўриндиққа табиий чарм сирилган. EV3 Junior соатига 16 км тезликда ҳаракатланади.

Ҳар бир автомобилча махсус буюртма асосида тайёрланади. Нархи қимматроқ, аммо техник тавсифини эътиборда тутилса, эътирозга ҳожат қолмайди. Ишлаб чиқарувчи фирманинг сайти орқали буюртма берса бўлади.

Катталардан фарқли равишда болаларнинг “Тесла” электромобилига энди рақиб пайдо бўлди. Эслатиб ўтамиз: аввалроқ болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқарувчи Radio Flyer фирмаси болалар учун Tesla ўйинчоқ автомобилларини чиқара бошлаган. Элон Маскка мини нусха ёққан ва “Твиттер”да реклама қилган.