Икки ва ундан кўп фарзанди бор ота-она шундай савол бериши ажаб эмас. Бир ота-онада катта бўлаётган болаларнинг тарбияси, феъл-атвори, жисмоний ва ақлий ривожланиши, муносабати баъзида бир-бириникидан тубдан фарқ қилиши мумкин. Бир фарзандимизнинг зеҳни ўткир бўлса, бири жуда хаёлпараст, бири ақлли бўлса, иккинчиси дангаса, бири мулойим бўлса, иккинчиси қўпол ва ҳоказолар. Шундай солиштиришларни чексиз давом этиш мумкин...
"Қара, уканг қандай ақлли, иккита беш олиб келди, сен эса яна икки билан келдинг", "Қачон синглингга ўхшаб хонани тозалаб йиғиштирасан?", "Нега акангга ўхшаб бир жойда ўтира олмайсан," каби иборалар деярли ҳар куни боланинг қулоғига чалинади. Бундан фақат битта натижа кутса бўлади, боланинг ўзига берган баҳоси пасайиб кетаверади. Натижада ўзига бўлган ишончи ҳам сўниб боради. Бола, "Мен ҳеч нарсага лойиқ эмасман", "Мен онамни ниятларини оқлай олмадим," "Нима қилсам ҳам нотўғри чиқади," каби хаёллар билан катта бўлади. Шундай қилиб ота-она ўз қўллари билан гулдек фарзандини секин-секин сўндириб қўяди. Ўзига ишонмайдиган, феъл-атвори оғир, қулоқсиз бола катта бўлади.
Болани тарбия қилишда солиштириш энг ёмон таъсир қиладиган воситадир. У нафақат фойдасиз балки зарарли ҳам.
Агар ота-онанинг кўзида бир фарзанди ота-онага керакли фазилатларга эга бўлиб, иккинчиси ундай бўлмаса, нима қилиш керак? Қандай йўл тутиш керак?
Ушбу саволга жавоб беришдан олдин машҳур америкалик педиатр Сирс айтиб берган бир ҳикояни келтирамиз.
Бир инсон бутун умр Италияга боришни орзу қилибди. Унинг дўстлари ҳам Италияга борган экан, қўшниси ҳам Италияга бориб мазза қилиб келганини айтган экан. У ҳам бор пулини йиғиб бир неча йилдан сўнг ниҳоят Италияда 1 ой дам олиш учун билет сотиб олибди. Бу кунга қадар Италия ҳақида, унинг барча қизиқарли жойлари ва одамлари ҳақида кўплаб маълумотга эга бўлишга улгурибди. Ниҳоят Италияга бориш куни келди. Самолёт қўнди, лекин қандайдур сабабларга кўра самолёт Италияда эмас Германияга қўнибди.
У инсон ғазабланган, нима қилишни билмай жуда асабийлашибди. Ахир билет Италияга эдику, у шунча йил Италияга боришга тайёргарлик кўрган эдику. Энди эса Германия! У Германия ҳақида бирон маълумотга ҳам эга эмас, бу ерда нима қизиқарли эканлигини ҳам ўрганмаган, ниҳоят бу унинг орзуси эмас эди...Энди нима қилади?
Шунда у инсон олдида икки йўл мавжуд:
Бири, қолган 1 ой давомида асабийлашиб, Италияни армон қилиб, орзу қилган мамлакатига бора олмаганидан афсусланиб ватанига қайтиб бориш бўлса, иккинчи йўл Германия ҳақида тезда керакли маълумотларни топиб, унинг қизиқарли томонлари билан ва ажойиб жойлари билан танишишга киришиш ва янги бўлган қирраларини ўзига очишдир.
Агар биринчи йўлни танласа, у бутун саёҳат давомида Германияни у билган ва ўрганган Италия билан солиштириб, Германия ҳам аслида нақадар ажойиб мамлакат эканлигини билолмай қайтиб кетади. Иккинчи йўлни танласа, мазза қилиб Германия ҳам ажойиб мамлакат эканлигига амин бўлиб, ундан завқланиб дам олиб қайтади.
Энди юқоридаги саволимизга жавоб берадиган бўлсак, ота-онада ҳам икки йўл бор:
Бири, боласида бошқа фарзандининг фазилатларини излаб, унга ўхшай олмаганидан афсусланиб яшаш, ёки иккинчи йўл, ҳар бир фарзанди ўзгача ва ўзига хос бойлик ва камчиликларга эга эканлигини тан олиб, ҳар бир фарзандидаги ўзига хос бошқасига ўхшамайдиган қирраларидан завқланиб яшашдир.
Мисол учун яхши ўқимайдиган бола спортта жуда кучли бўлиши мумкин, дангаса ўзида ижодкор хусусиятларини бекитаётган бўлиши мумкин, ёки хаёлпараст илмга чанқоқ бўлиб вояга етиши мумкин. Фақат бунинг учун ота-она ҳар бир фарзанди ўзгача эканлигини билиб, ҳар бири ўзига хос ажойиб қирраларга эга эканлигини кўра билиши ва болада шунга ишонч ҳосил қила олиши муҳим.