Нутқ муаммоларига нисбатан айтиладиган «тил остини кестириш», аслида, мавжуд амалиёт. Бироқ уни амалга ошириш учун тил ости юнгагининг калталиги ёхуд нотўғри жойлашгани ҳақидаги ташхис тасдиқланиши лозим. Зеро, юнгак билан боғлиқ муаммолар нафақат талаффузга, балки оғиз бўшлиғининг чайнов жараёнига ҳам таъсир этади. Асосий саволга қайтсак, юнгакни кестириш керакми ёки йўқ? Жавоб учун мутахассис — шифокор-стоматолог Шерзод ХАННАРОВга юзланамиз.
Юнгак асли нима?
Пастки жағ соҳасида тилни ушлаб турувчи эластик тўқимадан иборат юнгак, нафас олиш, таомланиш ва сўзлашув жараёнида тилнинг эркин ҳаракатланишини таъминлайди. Боланинг оғиз бўшлиғида учта юнгак мавжуд бўлиб, бири тил остида, иккинчиси юқори лаб ва милклар, учинчиси пастки лаб ва милклар ўртасида жойлашган. Юнгакнинг меъёрдан калта ёки нотўғри жойлашгани туғма патология бўлиб, ангилогоссия дейилади.
Хавф нимада?
Юқори ва пастки лаб юнгагининг калталиги гўдакнинг кўкрак тута олмаслигига сабаб бўлиши мумкин. Натижада миттивойнинг қорни тўймай, вазни меъёрдан ортда қолади, безовталиги ортади. Бундай ҳолатларда, албатта, педиатр кўриги талаб қилинади. Шунингдек, юқори ва пастки лаб юнгагидаги ўзгариш тишларни диастема (тиш орасининг очилиб қолиши) ҳолатига ҳам олиб келиши мумкин.
Уч ёшдан катта бўлган болаларда тил ости юнгагининг қисқалиги тишлам қаторининг нотўғри ривожланиши ва нутқ жараёнига таъсир этади. Болакай «Р» харфини талаффуз қилишга қийналади, сўзларни узуқ-юлуқ ифодалайди.
Сабаблари маълумми?
Оғиз бўшлиғидаги мазкур патологиянинг келиб чиқиши аёл ҳомиладорлик даврида турли касалликлар билан оғригани ҳамда ирсий мойилликка бориб тақалади. Бироқ бу ҳам аниқ маълумот эмас. Баъзан ота–она ва яқин қариндошларда учрамаган оғиз бўшлиғи касалликлари гўдакда юзага келиши мумкин.
Текшириб кўринг
Кўрсаткич бармоққа стерилланган бинтни ўраб, боланинг оғзини очинг ва тилини аста кўтаринг. Меъёрда юнгак 8 мм бўлиб, тилнинг бошланиш қисми, асоси ва учига бириккан бўлади. Қисқа шаклдаги юнгак эса тилнинг шиллиқ қаватига ёпишганроқ, бурмали кўринишда акс этади.
Логопед ёрдам берадими?
Юқори ва пастки лаб юнгагидаги муаммода логопед машқлари наф бермайди. Бироқ тил ости юнгаги учун айрим усуллар бор. Аввал оғиз бўшлиғидаги юмшоқ тўқималар юмшатилиши лозим. Бу ишни яхшиси мутахассисга топширинг. Сўнг тил учидан тутиб, аста тортиш, ён тарафга ҳаракатлантириш машқлари олиб борилади. Бир кунда икки маҳал, бир ой давомида шуғулланиш юнгак тўқимасининг чўзилишига кўмак бериши мумкин.
Шифокор кўриги қачон керак бўлади?
Юнгак патологияси стоматолог-шифокор ихтисослигига киради. Аммо ҳамиша ҳам эластик тўқимани кестириш шарт эмас. Агар боланинг нутқида муаммо бўлмаса, овқатланаётганида чайнов жараёни меъёрда кечса, юнгакни кестириш талаб қилинмайди. Бунинг акси бўлганида эса мутахассис қуйидаги уч амалиёт турини таклиф этади:
- Френотомия – юнгакни узайтириш мақсадида кесим ҳосил қилиш;
- Френэктомия – тил шиллиқ қавтига ёпишган юнгакни ажратиш;
- Френулопластика – юнгак жойлашувини ўзгартириш.
Мақбул ёш қайси?
Юнгак коррекциясига индивидуал тарзда ёндашилади. Юқори лаб ўртасидаги юнгакни кесиш амалиёти курак тишлар чиқиб бўлгач, бола 6 ёшга тўлганида ўтказилса, пастки лаб орасидаги юнгакни кесишга 4 ёшдан сўнг мурожаат қилинади. Тил ости юнгаги эса гўдак бир ёшга тўлгунига қадар ва ундан кейин ҳам бажарилиши мумкин.
Оғриқ бўлмайдими?
Шифокор юнгакнинг керакли қисмидан кичик кесим ҳосил қилиб, атрофига сўрилиб кетувчи ип билан чок туширади. Амалиёт умумий наркоз ва оғриқсизлантирувчи воситалар таъсирида ўтказилади. Шунингдек ушбу жараён лазер нури ёрдамида ҳам бажарилиб, кам шикаст етиши билан афзалроқдир.
Самира УЛУҒБЕКОВА тайёрлади.
Манба: «Sug'diyona» газетаси