Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 август куни таълим тизимига оид топшириқлар ижросига бағишланган мажлис ўтказди, деб ёзади Kommersant.uz.
Унда, жумладан, 10-синф ўқувчилари ҳафтада 5 кун умумтаълим фанларини ва 1 кун касбий фанларни ўрганиши белгиланди. Касб-ҳунар коллежларидан узоқ масофада жойлашган 2703 та мактаб учун 1103 та мактабда, 6956 мактаб учун эса 615 та коллежда ўқув ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилади.
Мактабларда 10-синф очилиши муносабати билан 22 минг ўқитувчига эҳтиёж юзага келади. Шуларнинг 9,5 минг нафари олий таълим муассасалари битирувчилари ҳисобидан, 13 минг нафари лицей ва коллежлар ўқитувчиларини жалб этиш ҳисобидан қоплаш режалаштириляпти.
2017-2018 ўқув йилидан бошлаб, 10-синфларда дарс берадиган 116 минг нафар ўқитувчининг касбий билимларини янгилаш ва чуқурлаштириш мақсадида қисқа муддатли малака ошириш курслари йўлга қўйилди.
10-синф ўқувчилари учун 8,5 миллион нусха дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар чоп этилиб, айни пайтда таълим муассасаларига етказилмоқда.
Шунингдек, мажлисда Бу йил 1-синфга қабул қилинадиган 650 минг нафар ўқувчи учун “Президент совғаси” сифатида 12 номдаги ўқув қуроллари солинган мактаб сумкалари тайёрланиб, жойларга тўлиқ етказилгани маълум қилинди.