Биласизми?

Ўзбекистон UNICEF’нинг «Кичик ҳикоялар» кампаниясига қўшилди

Ўзбекистон 200 нафар таниқли қалам усталаридан иборат гуруҳга қўшилди. Ушбу гуруҳ романнавислар, драматурглар ва шоирлардан иборат бўлиб, уларнинг барчаси «Кичик ҳикоялар» кампаниясида иштирок этмоқда. Бу ҳақда Daryo.uz маълум қилди.

Тахминан 7 қатордан иборат митти ҳикояларда 20 ноябрь куни нишонланувчи Жаҳон болалар кунининг моҳияти ёритилади. UNICEF ҳар бир болани ёрдам ва умид билан таъминлаш йўлидаги 70 йиллик меҳнат фаолияти санасини нишонлашни айнан митти ҳикоялар туркуми билан бошламоқда.

«Кичик ҳикоялар» кампаниясида Чиманда Адичи, Пауло Коэльо, Кристина Ламб, Нуриддин Фараҳ ва бошқа дунёга машҳур ёзувчилар қатнашмоқда. Ўзбекистонлик бир қатор адиблар ҳам болалар учун дунё қандай бўлишини исташларини тасвирлаш ҳаракатига қўшилди.

UNICEF дунёнинг 7 қитъасидаги ёзувчиларни болалар равнақи учун қалам тебратишга чорлайди. Ушбу ташаббуснинг ғоясига кўра, муаллифлар «Ҳар бир бола учун нимани истайман» мавзусида қисқа, таъсирчан ҳикоялар ёзади ва уларни Facebook саҳифаларида эълон қилади. Бу ҳикоялар матонат, умид ва муҳаббатга бағишланган бўлади.

«Биз Ўзбекистон ҳукуматига мамлакатдаги ҳар бир бола унга мақбул дунёда яшаши учун тенг ва одилона имкониятларга эга бўлишларини таъминлаш йўлидаги ҳаракатларига ёрдам беришда давом этамиз. Ушу ‘Кичик ҳикоялар’ ҳаммамизга болаларнинг барча ҳуқуқларини таъминлаш борасида улар олдидаги аҳдларимизга содиқ қолишимиз лозимлигини эслатади,» — дейди UNICEF’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауман.

«Кичик ҳикоялар» кампанияси БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинган санани нишонлаш учун 25 ноябрга қадар давом этади.