Ўзбекистонда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилади. Бу ҳақда 23 август куни Халқаро пресс-клуб учрашувида халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов маълум қилди.
Вазир нега Халқ таълими вазирлигидан мактабгача таълим муассасаларини ажратиш зурурияти туғилганига изоҳ бериб ўтди:
"Гап шундаки, Президентимиз вазирлик билан учрашувида шундай вазифа қўйдилар-ки, унга кўра болалар боғчадан мактабга илм олишга тайёр ҳолда келишлари керак. Шу муносабат билан Мактабгача таълим вазирлигини ташкил этиш зарурияти туғиляпти. Ва бу ерда болаларни мактабга тайёрлаш методикаси масаласи ҳам бор. Шу нуқтаи назардан, боғча болаларини тарбиялаш, ўқитиш методикасини яратишимиз керак. Бу бўйича Президентимиз топшириқлар бердилар".
Улуғбек Иноятов "Мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги Вазирлар Маҳкамасининг 19 июлдаги қарорида тасдиқланган янги қоидага ҳам тўхталди. Унда мактабгача таълим муассасасига 3-7 ёшдаги болалар қабул қилиниши (илгари ушбу ёш 2-6 ёшни ташкил этарди) белгиланганди.
"Бола 2 ёшидан боғчага борганда мустақил қўлини юволмайди, овқатланолмайди, ҳожатга чиқолмайди. Энди боғчаларнинг вазифаси болани фақат парваришлашдан иборат бўлмайди, балки таълим ва тарбия беради. Шу боис бошқа давлатларнинг тажрибасини ўрганган ва маслаҳатлашилган ҳолда Ўзбекистонда ҳам мактабгача таълим муассасаларига болаларни 3 ёшдан қабул қилишга қарор қилинди", - дейди халқ таълими вазири.