Бир неча кунлардан буён жтимоий тармоқлар ва қатор электрон нашрларда Ўзбекистонда 11 йиллик таълим тизими қайта жорий этилиши ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда.
Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида "Мулоҳаза" нашри Халқ таълими вазирлиги мутахассислари билан боғланиб, улардан қуйидагича жавоб олди:
“Таълим тўғрисидаги қонуннинг 10-моддасида Ўзбекистон Республикасида таълим мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим, олий ўқув юртидан кейинги таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, мактабдан ташқари таълим турларида амалга оширилиши қайд этилган.
Шунингдек, умумий таълим дастурлари: мактабгача таълим, бошланғич таълим (I-IV синфлар), умумий ўрта таълим (I-IX синфлар), ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини қамраб олади.
Шу билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Кадрлар тайёрлаш миллий моделининг ўзига хос хусусияти мустақил равишдаги тўққиз йиллик умумий ўрта ҳамда уч йиллик ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини жорий этишдан иборатдир. Бу эса, умумий таълим дастурларидан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дастурларига изчил ўтилишини таъминлайди.”
Вазирлик манбасининг таъкидлашича, ўқув дастурларини такомиллаштириш, таълим сифатини оширишга доир кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ 11 йиллик таълим тизимига ўтиш масаласи кун тартибига киритилмаган ва бу борада бирор расмий ҳужжат эълон қилиниши режада ҳам йўқ.
Демак, мамлакатимизда 11 йиллик таълим тизимига қайта ўтилиши ҳақидаги барча хабарлар асоссиз.
Манба: Uz24.uz