Биласизми?

Олимлар болани она сути билан боқишнинг яна бир фойдали томонини кашф қилишди

Маълум бўлишича, она сути янги туғилган гўдаклар миясининг ривожланишида катта роль ўйнайди, бу эса уларнинг кейинги ҳаётига ҳам таъсир кўрсатади. Она сути билан боқилган болалар юқори IQ (ақлий салоҳияти) натижаларини кўрсатишган, бундан ташқари, уларнинг хотираси, ҳаракатлари ва бирор нарсани ўрганиши яхшироқ ривожланган бўлади. Америкалик олимларнинг тадқиқот натижалари The Journal of Pediatrics нашрида чоп этилган, деб ёзади Sof.uz.

АҚШлик тадқиқотчилар жамоаси камида 28 кун давомида она сути билан боқилган 180 нафар боладан иборат гуруҳни тўплашди. Олимлар 7 ёшдаги болаларни ўрганиб чиқиб, уларнинг мия ҳажми, шунингдек ўқиш, математик билим, нутқ, хотира каби ақлий салоҳияти бўйича тест натижалари турли хил аралашмалар билан боқилган тенгдошларига нисбатан кўп жиҳатдан устун эканлигини аниқлашди.

Олимлар бир овоздан болани туғилиши биланоқ она сути билан боқишни тавсия қилишмоқда. Улар боланинг ривожланишига кўплаб ташқи омилларнинг таъсир кўрсатишини ҳамда она сути – улардан биригина эканлигини яхши билишади. Бироқ тадқиқотларнинг кўрсатишича, бу омил жуда муҳим, шу боис жиддий сабаб бўлмаса, болани бундан маҳрум қилиш керак эмас.