Биласизми?

Олимлар: дунё бўйича қиз болалар ўқишда ўғил болалардан устун

Дунёнинг аксарият мамлакатларида ўрта таълим мактабларида қиз болалар ўғил болаларга нисбатан яхши ўқийди. Қизларнинг таълим бўйича муваффақиятлари жинслар тенглиги, иқтисодий ва ижтимоий ривожланганлик даражасига боғлиқ эмас. Бу ҳақда Sof.uz ёзмоқда.

Тадқиқотчилар 74 давлатдан бир ярим миллион нафар 15 ёшли мактаб ўқувчиларининг олган баҳоларини ўрганиб чиқди. Бунда турли фанлар бўйича баҳолар қамраб олинди.

Маълум бўлишича, ўрганиб чиқилган мамлакатларнинг 70 фоизида қизлар ўғиллардан яхшироқ ўқийди. Фақат Колумбия, Коста-Рика ва Ҳиндистоннинг Химачал Прадеш штатидагина натижалар тескари бўлди.

Буюк Британия, АҚШ каби ривожланган мамлакатларда иккала жинс вакиллари ўзлаштириши ўртасидаги фарқ энг кам бўлиб чиқди. Жинслар орасида катта тенгсизлик ҳукм сурувчи Қатар, Иордания, БАА каби давлатларда эса қизларнинг ўқиш даражаси ўғилларникидан энг баланд эканлиги аниқланди.

Тадқиқот натижасида жамиятдаги жинслараро тенглик ўзлаштиришга ҳеч қандай таъсир ўтказмаслиги аён бўлди, мисол учун, Финляндия ва Қатарда ўқувчи қизларнинг ўқиш даражалари бир хил бўлиб чиқди.