Биласизми?

Ўсаётган болани тўғри овқатлантириш

Бола жисмонан ривожланиши учун уни тўғри овқатлантириш зарурлигини барчамиз биламиз. Лекин ақлий ривожланиш учун ҳам керакли маҳсулотларни истеъмол қилиш фойда келтирар экан. Мактаб ёшидаги болаларнининг ўсаётган организми учун овқатланиш тарзи энг муҳим ҳисобланади.

Ақлли ва соғлом болани ўстирмоқчи бўлсангиз қуйидаги маслаҳатлар билан танишиб чиқинг:

  • Бола хилма-хил овқатлардан истеъмол қилиши керак. Истеъмол қилинаётган маҳсулотлар тури қанчалик кўп бўлса, овқат рациони қанчалик хилма-хил бўлса, бунинг фойдаси шунчалик ортади. Бола кичиклигидан ҳар хил таъмларга ўрганган бўлиши керак.
  • Бола гўшт маҳсулотларидан кўпроқ истеъмол қилиши даркор. Гўшт - бу оқсил манбаидир. Оқсил эса организмдаги гормонлар, ферментлар ва антижисмларнинг шаклланишида катта аҳамиятга эга. Ундан ташқари оқсил организмдаги сув мутаносиблигига ижобий таъсир кўрсатади. Оқсил ўсаётган бола организмини синк моддаси билан таъминлайди. Агар болада синк етишмовчилиги бўлса, у грипп касаллигига кўп чалинади, секин ўсади, иштаҳаси паст бўлади ва хотираси яхши ривожлана олмайди.
  • Ёғларнинг "фойдали" ларини болага едиринг. Масалан, Омега-3 ёғлари мия ривожланишига, кўриш қобилиятига ижобий таъсир кўрсатади. Омега-3 ёғи данакларда, зайтун ёғида мавжуд. Сариёғ болага фойда келтирмайди, қанд диабети билан касалланган болалар учун у зарарли ҳисобланади.
  • Кальций боланинг саломатлиги учун ниҳоятда муҳим минерал ҳисобланади. Кальций суякларнинг тўғри ўсиши, организм қон билан таъминланиши ва ҳаттоки яхши уйқу учун жуда керак. Организмда кальций етишмовчилиги мавжуд болалар жуда асабий, бир жойда ўтира олмай фикрини йиға олмайдиган бўладилар.

1 дона сабзини қирғичдан чиқариб майда тўғралган шафтоли (консервадаги шафтоли ёки туршак) қўшамиз. Аралаштириб 1 чой қошиқ сметана соламиз. Сабзидаги витаминлар организмга айнан сметана билан яхши қабул қилинар экан.

  • Болалар мева ва сабзавотлардан кўп истеъмол қилишлари зарур. Мева ва сабзавотлар кўплаб витамин ва микроэлементларга бой. Сабзавотларнинг ёрқин ранглиларини истеъмол қилиш тавсия этилади. Мактаб ёшидаги бола кунига камида 3-4 хилдаги мева-сабзавотдан 5-9 марта оз миқдордан таомлар билан истеъмол қилиши лозим.
  • Сувнинг аҳамияти ҳақида унутманг. Инсон организми учун сув ниҳоятда муҳимдир. Сув чарчовни олади, организмни озуқа моддалар билан таъминлайди, тана ҳароратини назорат қилади, боланинг шиллиқ аъзоларини намлаб баъзи бактериялардан ҳимоя қилади. Бола сўрамаган ҳолда ҳам унга мунтазам равишда сув ичириб туриш керак. Фақат шарбат, чой ёки бошқа ичимликни эмас, балки тоза қайнатилган сувни ичириш мақсадга мувофиқ бўлади.