Она ва бола

Ота-она ажрашишининг бола учун нохуш оқибатларини камайтириш мумкинми?

Статистик маълумотлар оилаларда ажрашиш ҳолатларининг кўпайганлигидан далолат беради. Ота-оналарнинг ажрашиши бола учун ошкора ёки яширин руҳий жароҳатдир. Бола учун ажрашишнинг салбий оқибатларини минимал даражада камайтириш ҳақида сўз борар экан, биринчи навбатда бола ким билан қолаётган бўлса, ўша хонадонда бола учун одатий ҳаёт тарзи, одат ва кўникмалар, анъаналарни сақлаб қолиш масаласини ҳал этиш лозим.

Агар бола онаси билан қолаётган бўлса, бундан кейин унинг тарбиясида ота қандай ўринни эгаллаши муҳокама этилиши керак. Ажрашгандан кейин ҳам фарзандининг ҳаётида фаол иштирок этган, унинг қўшимча таълим олиши, сифатли дам олишига ҳисса қўшган, шунингдек, керак бўлганда шошилинч ёрдам кўрсатган оталар тажрибасидан ўрнак олиш мумкин.

Қайси ёшда болага ажрашганлик ҳақида маълум қилиш мумкин?

Тахминан уч ёшда. Боғча ёшдаги болага энди унинг отаси бирга яшамаслиги лекин вақти-вақти билан уни кўришга келиб туришини айтишнинг ўзи етарли. Ўсмир ёшдаги болага эса кўпроқ нарсани айтиш мумкин. (Аммо батафсил маълумотлар, яхши кўрмай қолганлиги, хиёнат қилганлиги ёки ярамас одам бўлиб чиққанлигини айтиш ярамайди). Агар бола жуда кичик бўлса, бу мавзудаги суҳбатни унда отаси ҳақидаги саволлар пайдо бўлгунга қадар кечиктириш мумкин.

Бундай суҳбат давомида аёл киши ўзини қўлга ола билиши ва аксарият ажрашаётган ота-оналарга хос хатоларга йўл қўймаслиги лозим. Бунинг учун қуйидаги тақиқларни ёдда тутиш лозим:

  1. Болага унинг отасини ёмонлаш керак эмас.("Отанг яхши одам эмас" каби)
  2. Юз берган ҳодисада бошқа қариндошларни айблаш ҳам нотўғри. ("Булар севимли бувижонинг ҳаракатларининг натижаси...")
  3. Ажрашиш учун болани айблаш керак эмас ("Сен ўзингни ёмон тутганлигинг, менга ёрдам бермаганлигинг учун...")

Ота-онасининг ажрашганлигидан хабар топган боланинг ўзига бўлган муносабати ўзгариши мумкин. "Ташлаб кетилганлик" туйғуси бола ўзини ҳеч кимга керак эмасдек ҳис қилишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун уларнинг аксарияти одамлардан узоқлашишга ҳаракат қила бошлайди. Баъзида уларга берилган саволларни ҳам пайқамаслиги мумкин. Боладаги бундай ўзгаришларни унинг яқинлари тарбиясизликка ёки ёмон одатга йўйиши мумкин. Бироқ уни жазолашдан аввал бу билан у онгсиз равишда нимани рўёбга чиқаришга уринаётганлиги ҳақида ўйлаб кўриш лозим. Балки бола фақат шу йўл билан яқинларининг эътиборини ўзига жалб қилаётгандир.

Болалар ажрашиш натижасида юзага келувчи руҳий зарбага турлича жавоб қайтарса-да, уларда баъзи бир умумийлик ҳам бўлади.

Масалан, қиз болалар барча сиқилишларини "ўзидан" ўтказиб, ташқи томондан намоён қилмаслиги мумкин. Бироқ бундай вазиятга мослашишнинг бошқа жиҳатлари пайдо бўлиши мумкин: ишчанлик қобилиятининг пасайиши, тез чарчаш, тушкунлик, мулоқотдан қочиш, йиғлоқилик, серзардалик. Улар тез-тез соғлиғидан шикоят қила бошлаши мумкин: ҳали бармоғи оғриб қолса, сал ўтмай қорни ёки бош оғриғидан нолиши мумкин. Бундай ҳолларда болани алдамчига чиқармасдан, унга кўпроқ эътибор бериш керак. Қиз болалар буларни ҳақиқатан ҳам ҳис қилиши ва бу асабийликнинг оқибати бўлиши мумкин. Бунда психолог ёки невропатологнинг ёрдами асқотади.

Ўғил болаларга эса хулқ-атворнинг очиқ-ойдин бузилиши хос: бу ўғрилик, уйдан узоқлашиш ёки беодоб сўзлашиш бўлиши мумкин. Ота-онанинг ажрашишидан қиз болалар қайғу ва хафагарчиликни ҳис қилса, ўғил болаларда бу ҳиссиёт ғазаб ва тажовузкорликда акс этади. Бошқача айтганда, қиз болаларнинг сиқилиши уларнинг ўзига ташвиш туғдирса, ўғил болалар атрофдагилар учун муаммоларни юзага келтира бошлайди.

Бирга яшамаса ҳам ҳар иккала ота-онасининг меҳри ва ғамхўрлигини ҳис қилган бола ҳамкорлик қилиш учун йўл топа олмаган ота-оналарнинг фарзандига қараганда ҳаётда ўзини кўпроқ ҳимояланган ва бахтлироқ ҳис қилади!

Мақолани тайёрлашда интернет манбаларидан фойдаланилди.