Саломатлик

Овқатга аллергия

Баъзи болаларда бирон егуликка аллергия бўлиши мумкин. Ўн саккиз ёшгача бўлганларда маҳсулотларга аллергия намоён бўлиш кўрсаткичлари йилдан йилга ортиб бормоқда.

Болада бирон маҳсулотга аллергия бўлса, бу ҳақда ота-она билиши керак. Аллергик реакция баъзида ҳаётга хавф солдиради.

Болада аллергик реакция қандай содир бўлади?

Бола еган маҳсулотни организми ёддек қабул қилса, унинг иммун тизими бу "ёд" маҳсулотга қарши кураш бошлайди, натижада организмда антитаначалар ҳосил бўлади. Кейинги сафар бола яна ўша маҳсулотдан еса, антитаначалар иммун тизимини курашга чорлайди ва организмда гистамин моддаси ишлаб чиқарила бошланади.

Гистамин биз учун таниш бўлган аллергик аломатларни юзага келтиради. Бу аломатлар ўткир ва ўткирмас бўлиши мумкин.

Аллергик реакция аломатлари қандай?

Шишиш (юз, қўл, лаб, тил ва оёқларнинг бирдан шиша бошлаши) - энг хавфли ҳолат!

Намланган кўзлар;

Бирдан бурун оқиши;

Қичиниш;

Тери қизариши;

Нафас олишда қийналиш.

Одатда аллергик реакция аллерген маҳсулот ейилганидан сўнг бир неча дақиқаларда ёки кўпи билан 2 соат ичида намоён бўлади.

Аллергик реакция ўткир бўлса, бола ҳаёти хавф остида бўлади.

Баъзида кичик болаларда бирон маҳсулот егандан сўнг экзема ёки ошқозон билан боғлиқ бошқа аллергик реакциялар юз бериши мумкин. Бу реаксия асосан қусиш, ич кетиши билан намоён бўлади ва вақт билан ўзи ўтиб кетади.

Аллергик реакция маҳсулотни биринчи ейишданоқ юзага чиқиши шарт эмас. Кўпинча бола бундан олдин бир неча бор еб кўрган маҳсулотига ҳам реаксия чиқиши мумкин. Ундан ташқари бирон маҳсулотни ўзи ейилса муаммо бўлмай, бошқа маҳсулот билан аралашган ҳолда қабул қилиниши аллергик реакция келтириши мумкин.

Қандай маҳсулотлар аллергик реакция келтиради?

Ҳар бир организм ўзгача бўлиб, у айнан қайси маҳсулотга аллергик реакция қилишини олдиндан билиш қийин. Лекин қуйидаги маҳсулотлар кўп ҳолларда болада аллергик реакцияни қўзғатиши исботланган:

Тухум;

Сут;

Ер ёнғоқ, ёнғоқ, кешю;

Буғдой;

Соя;

Баъзи балиқ ва денгиз маҳсулотлари;

Асал.

Болада аллергик реакция бўлса, ота-она нима қилиши керак?

1. Агар болада маҳсулот еганидан сўнг юзи ёки лаблари шиши бошласа, нафас олишда қийналаётган бўлса ёки тўхтамай қусиб ичи кетаётган бўлса, дарҳол тез ёрдамни чқириш керак! Бу аломатлар ҳаёт учун ўта хавфли бўлгани учун шифокорга телефон қилиб маслаҳат сўраш, болани шифохонага олиб боришга вақт йўқ. Бир неча дақиқаларда боланинг нафас олиш йўллари шишдан бекилиб қолиши хавфи бор. 

2. Агар болада аллергик рекациянинг бошқа аломатлари (қичиниш, кўз намланиши ва ҳоказо) 2 соатни ичида намоён бўлса, шифохонага бориб болани текширтириш талаб этилади. Махсус аллергик тест орқали бола организми қайси маҳсулотга реакция қилаётганини аниқлаш мумкин.

3. Агар болада бирон маҳсулотга реакция ўткирмас бўлган бўлса ҳам, кейинги сафар ушбу реакция қайтарилиши ва ўткирроқ бўлиши ҳам мумкин. Баъзида шифокор уй шароитида қабул қилса бўладиган аллергияга қарши укол ёки дори воситасини тавсия этиши мумкин.

4. Доим! боланинг тарбиячиси, ўқитувчиси, энага ва умуман бола билан қоладиган бошқа қаровчиларга болада мавжуд бўлган аллергик реакция ҳақида хабар бериш шарт. Ўша маҳсулотни бола еб юбормаслигини ёки унга едирмасликларини назорат қилиш керак.

Болада аллергик реакция бўлмаслиги учун нима қилиш керак?

Афсус боланинг иммун тизими қайси маҳсулотга аллергик реакция қилиши ҳақида олдиндан билишнинг иложи йўқ. Биргина имконият, тадқиқотларнинг кўрсатишича, кўкрак сутини эмган болаларда иммун тизими аллергияга бардошлироқ бўлар экан.

Овқатга бўлган аллергияни даволаса бўладими?

Йўқ, бундай аллергия даволанмайди. Шунинг учун аллерген маҳсулотни емаслик муҳим, еб қўйилганда эса дарҳол аллергик реакцияни бартараф этиш талаб этилади.