Биласизми?

Педиатриянинг боланинг девайслардан фойдаланишига оид хулосаси

Америка педиатрия академияси мобиль алоқа воситалари таъсиридан болаларни ҳимоя қилиш бўйича мунтазам тадқиқотлар олиб боради ва бу борада ота-оналарга тавсияларини эълон қилади. 1999 йилда ушбу академия фарзанд 2 ёшга тўлмагунига қадар унга мобиль гаджетларга яқинлашиш, айниқса гўдакнинг электрон қурилмалар экранларига тикилишидан ҳимоялаш бўйича таклифларни илгари сурган эди. Ҳатто, бу бўйича қонун ишлаб чиқилишини ҳам тавсия қилган. Орадан шунча вақт ўтиб академия фикрини ўзгартирди.

Академия фикрича, катталар назорати остида болаларнинг мобиль қурилмалардан фойдаланиши жуда фойдали. Мисол учун, видеочатларни олайлик. Skype ёки FaceTime каби видео мулоқотлар 0 дан 18 ойгача бўлган чақалоқларга ижтимоий алоқаларга киришишлари учун катта ёрдамчи экан. 18 дан 24 ойгача бўлган гўдакларга мобиль қурилмалардан онда-сонда фойдаланишга рухсат бериш керак. Аммо, бунда ота-она болага муайян контент ёки дастур билан қандай ишлаш мумкинлигини тушунтириши лозим бўлади.

2–5 ёшдаги болаларни эса мобиль қурилмалардан ҳимоялаш лозим. Боиси, бу уларни чалғитиб, ўз устиларида ишлаш кўникмасини пасайтириши мумкин. Яъни, ҳадеб планшет ёки смартфонларга боғланиб қолган болада тил билан боғлиқ муаммолар, одамовилик каби ижтимоий муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Шунингдек, бу ёшда мобиль қурилмалардан меъёридан ортиқ фойдаланиш болаларнинг тушига, мириқиб ҳордиқ олишига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Педиатрлар ота-оналарга фарзандларига ҳар куни узоғи билан 1 соатдан ошиқ электрон қурилмалар экранларига тикилишларига рухсат беришларини тавсия қилишмоқда. Шунда ҳам болага сифатли, маънавий-ахлоқий тарбияга ижобий таъсир қиладиган материалларни кўриш, ўйинларни ўйнашга рухсат бериш керак.

Америка педиатрия академияси 6 ёшдан катта болаларнинг экран вақтини чеклаш кераклиги тўғрисида маслаҳат беради. Шу билан бирга, академия фикрича, ота-оналарнинг фарзандларида ётоқхонада ҳамда овқат маҳали электроника гаджетларидан фойдаланмаслик кўникмасини шакллантиришлари мақсадга мувофиқ.