Биласизми?

Қозоғистонда болаларни уриш ман этилиши мумкин

Қозоғистонлик болалар ҳимоячилари болалар устидан зўравонлик ўтказиш деган тушунча нима эканлиги ва унинг турларини қонунан белгилаб қўйишмоқчи.

Sof.uz'нинг ёзишича, Қозоғистон фуқаролари "юмшоқ жой"га тушириладиган тарсакини болага нисбатан зўравонликка тенглаштиришни ва ушбу нормани мунтазам равишда бузадиган ота-онани жиноий жавобгарликка тортиш таклифи билан чиқишмоқда.

"Биз қонунга қатор таклифларни киритамиз. Бу ишни имкон қадар тез бажариш керак… Умуман олганда, бу жуда ўринли масала, бу болалар тарбияси, жамоатчилик тарбияси масаласи. Жамоатчилик орасида зўравонларга ўрин қолмаслиги учун энг аввало "зўравонлик" тушунчасини англаб етмоқ керак. Дунёдаги 51та мамлакат қонунларида болага нисбатан зўравонлик таъқиқланган. Биз ҳам улар тажрибасига таянган ҳолда бу борада қонунларни қабул қилишимиз керак. Болани шаппатилаш, унга овоз оҳангини кўтариб гапириш — бола устидан зўравонлик ўтказиш ҳисобланади. Болага "сени боқиб катта қиляпман" дея таъма қилиш, "сен мажбурсан" дея гапириш, унга тарсаки тушириш ва бақириш — бола ғурури йўқ бўлишига олиб келади", — дея ўз фикрларини билдирган бу борада Қозоғистон Республикаси бола ҳуқуқлари бўйича махсус вакили Загипа Балиева.

"Ота-оналар, шапалоқ тортишни ман этиш қонунан чекланмаган бўлса, демак, болани уриш мумкин, деб ўйлашади. Тўғри, биз қабул қилмоқчи бўлган қонун аввалига жуда кўпчиликка ғалати туюлиши мумкин, аммо маълум вақтдан сўнг жамоатчилик албатта бунга кўникади", — дея қўшимча қилди Балиева.

Омбудсменнинг сўзларига қараганда, шу кечаю-кундузда болаларга шапалоқ туширадиган ота-оналарга нисбатан қандай жазо чорасини қўллаш масаласи муҳокама қилинмоқда.