Самарқандлик машҳур тадбиркор Умар Ражабов 57 нафар боланинг хайрия суннат тўйини ўтказди ва уларнинг ҳар бирига банкда ҳисоб рақами очиб, унга бир миллион сўмдан пул қўйди. Тадбирга 1-сон Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, Самарқанд ва Жума шаҳарларидаги саккизта маҳалладан кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари таклиф этилган эди.
Бундай хайрия ишларини тадбиркор кўп йиллар давомида ихтиёрий равишда, ҳеч қаердан кўрсатма кутмасдан савоб йўлида амалга ошириб келмоқда, деб ёзади Kun.uz. Масалан, ўтган йили 30 нафар болага хайрия суннат тўйи ўтказган ва 1-сон Меҳрибонлик уйига автобус ва компанияси томонидан бунёд этилаётган кўп қаватли уйдан битта квартира совға қилган эди.
Бу йил ҳам болажонлар, уларнинг тарбиячилари ва ота-оналари учун дастурхон ёзилди ҳамда болаларга тўй либослари берилди ва совға-саломлар улашилди. Умар Ражабовнинг даврага чиқиб, ҳар бир болажон номига ҳисоб рақами очиб, унга бир миллион сўмдан пул қўйиши ва бу маблағ улардан ҳар бирининг никоҳ тўйигача юқори фоизда банкда сақланиши ҳақидаги хабари олқишлар билан кутиб олинди. Айрим оналар ўзларининг қувонч кўз ёшларини яшира олмадилар.
Хайрия туйи аввалида вилоят бош имом хатиби ўринбосари Хайрулла домла ана шундай тадбирнинг моҳияти ва аҳамиятини Ислом динимиз нуқтаи назаридан тушунтириб берди ва Қуръони карим сураларидан тиловат қилди.
Ўзбекистон фахрийларнининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси Самарқанд вилоят бўлими бошлиғи Ҳасан Нормуродов ўз чиқишида болаларни улар ҳаётидаги бугунги улкан воқеа билан табриклади. «Шуни эсдан чиқармайликки, тадбиркор кўп, аммо ўз ихтиёри билан мунтазам хайрия ишларига қўл ураётганлар – ҳисобли. Ана шудай қўли очиқ ишбилармонлардан бири Умар Ражабов бўлади, – деди у болаларга қарата. – Сизлар ҳам улғайиб, ўзингизга ва атрофдагиларга фойда келтирадиган йигитлар бўлиб вояга етасизлар деб ишонаман. Бунга сизга Умар бобонгизнинг йўли ибрат бўлсин».
Тўй кечаси болалар қалбида бир умрлик муҳр қолдириши учун ташкилотчилар анча жонбозлик кўрсатишди. Болаларга улкан торт совға қилинди. Уларни ўйин-кўлгуга чорловчи куй ва қўшиқлар янгради. Бу йўлда таниқли хонанда Асатулла Отауллаев, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театр актёри Комрон Отауллаев ҳамда «Аловиддин» гуруҳи жонбозлик кўрсатишди.
Шуҳрат Шокиржонов