Албатта камдан кам оналар мен ёмон онаман дейди. Кўпгина аёллар «Албатта яхши онаман. Емай едирсам, киймай кийдирсам. Бутун ҳаётимни уларга бағишлаган бўлсам. Яна нима қилиш керак?»,-дейишади. Фарзандлари бирор муаммо орттириб қўйишса, хафа бўлиб бу сўзларни такрорлашгани такрорлашган. Демак яхши она бўлиш учун фарзандларни едириш, кийдириш, уларни оқ ювиб, оқ тараш камлик қилар экан. Хўш, унда яхши она бўлиш учун нима қилиш керак? Келинг шу ҳақида фикрлашамиз.
Албатта барча оналар топган-тутганларини фарзандларига, уларнинг бахтли бўлишига бағишлашади. (Баъзи ота-оналар буни жуда ошириб юборишсада). Аммо супер она бўлиш учун бунинг ўзи камлик қилади. Унда супер оналарга маслаҳат:
1.Фарзандингиз сиздан ҳаёти учун бир умр қарздор. Жуда жаҳлингиз чиқсада унга қилаётган ғамхўрлигингизни миннат қилманг. Бу уларга оғир ботади. Ахир фарзандли бўлишни ўзингиз хохлагансиз. Она бўлиш мажбурий эмас, аммо она бўлгандан кейин фарзандларига ғамхўрлик қилиш мажбурий.
2. Баъзида ишдан, баъзида турмуш ўртоғингиз билан жанжаллашиб, кайфиятингиз тушади. Буни фарзандингизга билдирманг. Баъзи оналар кайфиятлари бўлмаса, аччиқларини болалардан оладилар. Ё бўлмаса нарироқ тур ўзи кайфиятим йўқ деб жеркиб ташлайдилар. Албатта, буни улар чин юракдан қилмайдилар. Ўзим туққан боламку, эртага бирор совға олиб берсам эсидан чиқади,-деб ўйлашади. Аммо бу жуда хато фикр. Бора-бора улар сизни хафа қилган кишилардан нафратланадиган ёки умуман олдингизга келмайдиган бўлишади.
3. Фарзандингизга қулоқ солишни, уни тинглашни ўрганинг. Сиз учун энг кичкина кўринган муаммоларини ҳам ечишда уларга ёрдам беринг . (Бу муаммолар улар учун кичкина эмасда). Шунда улар сизга ишонишади, сизга суянишади.
4. Кўпчилик олдида уларнинг камчиликларини айтиб кулманг, уларни изза қилманг, урушманг, уларга бақирманг. Яхшиси бу ҳақда улар билан яккама-якка гаплашиб олинг. Агар уларни кўпчилик олдида урушсангиз уларнинг рухи чўкади. Ўзига ишончи йўқолади.
5. Фарзандингиз учун энг ишонган, содиқ дўстга айланинг. Сирларини бошқаларга айтманг. Ёрдам сўраса урушиб, жанжал кўтарманг. Олдин уни яхшилаб тингланг, сўнгра биргаликда муаммони ечишга ҳаракат қилинг. Шундай ҳам асабийлашиб турган болангизни уруша бошласангиз муаммоларини сизга айтмай қўяди. Маслаҳат керак бўлганда бошқаларга мурожаат қилади.Оқилроқ одам учраса яхши, аммо ўзига ўхшаган тажрибасиз ўртоқларига учраб қолса кичкина кўнгилсизлик ҳам бир зумда катта муаммога айланиб қолади. Энг яхши йўл у ҳар қандай шароитда ҳам сиз билан сирлашсин.
6.Бошқаларнинг фарзандлари ҳақида ҳам яхши гапларни гапиринг. Ҳа отаси ким эди боласи ким бўларди деб уларни камситманг. Аксинча, фарзандингиз дўстларининг камчиликларини гапирса, ёки уни камситса, унга камчиликсиз одам бўлмаслигини тушунтиринг. Шунда у сизнинг оқкўнгил инсонлигингиздан ўрнак олади.
7. Фарзандингизнинг ҳар бир кичкина ютуғидан ҳам хурсанд бўлинг. Ютуқларини бирга нишонланг. Эътиборсиз бўлманг. Яхши баҳолари, яхши хулқи учун мақтаб туринг. У билан фахрланишингизни айтинг. (Фақат мақташни жуда ошириб юборманг. Унда бола мақтанчоқ ва эътибор талаб бўлиб қолади).
8. Фарзандингиз билан баъзи бир, ёшига мос бўлган нарсаларда маслаҳатлашиб туринг. Унинг фикрини маъқулланг. Айниқса ўғил болалар билан шундай муносабатда бўлсангиз, улар ўзларини улғайган ҳис қиладилар. Сизнинг ишончингизни оқлашга ҳаракат қилишади.
9. Қўлингиздан келмайдиган, бажара олмайдиган нарсаларни болага ваъда берманг. Ваъда бераётганда яхшилаб ўйланг. Ҳа болада, эсидан чиқиб кетади деб ўйламанг. Агар шундай йўл тутсангиз фарзандингиз ҳам сиздан ўрнак олиб ваъдабоз, тутруқсиз бўлиб ўсади.
10. Энг асосийси фарзандингизга ҳар куни уни яхши кўришингизни, доим уни қўллашингизни, унга ишонишингизни айтишдан чарчаманг.
Дилбар Ҳамдамова, психолог