Чақалоқ

Сўрғич гўдак учун фойдалими? Сўрғични қай пайт берган маъқул?

Таъм билиш сезгиси бузилиши хасталигига чалиниб, унга қаттиқ ўрганиб қолар экан..., дея ёш оналар баъзан гўдагига сўрғич бериш-бермасликка иккиланиб қолади. Иккинчи тараф (қайнона, она…) эса боланинг тили кетиб қолиши мумкин…, дея сўрғич беришни талаб қилади.

Педиатр-шифокор Раъно МИРКОМИЛОВА шундай дейди:

- Тилнинг кетиб қолиши (яъни тил танглайнинг орқа деворига ёпишиб қолиб, ўпкага кислород етиб бормаслиги) – болалар ўлими синдроми соғлом болаларда ҳам учраши мумкин. Махсус ортопетик (ясси, томчи кўринишидаги) сўрғичлар тилни пастки танглайга босиб туради ва хавфли ҳолатнинг олдини олади. Сўрғичлар бундан бошқа ҳолатларда зарарли ҳисобланади. Шунинг учун сўрғичлар мазкур синдромнинг олдини олишда ягона усул саналмайди.

Мутахассислар тил кетишининг олдини олиш учун оналарга болани ухлаётганда 45 даража бурчак остида ёнбошлатиб ёки чалқанча ётқизишни тавсия этишади.

Умуман, қайси вақтда гўдакка сўрғич тутган маъқул?

Бола оч бўлмаган, аммо сўришни истаётган, оғзини очиб нимани илинса, ўшани (бармоқчалари, кийимчалари, чойшаби, ўйинчоқлари…) сўришга шай ҳолатда ҳаракатлар қила бошлаган вақтда берган маъқул.

Бироқ бола сўрғич билан ухлашга одатланиб қолмаслиги лозим. Чунки бола оғзидан сўрғич чиқиб кетгач, уйғониб, уни яна оғзига солишларини талаб қилиб йиғлай бошлайди. Оғзида сўрғич билан ухлашга ўрганиб қолган бола, қанча уйқуси келмасин, сўрғичсиз ухлай олмайдиган бўлиб қолади.

Сўрғич гўдакни ён-атрофдан оладиган барча таассуротлардан чалғитади ҳам. Бундан ташқари, доимо оғзида сўрғич билан юрган боланинг тили тенгқурларига қараганда анча кеч чиқади, шунингдек, ўша вақтда интеллектуал даражаси ҳам рисоладагидек бўлмаслиги мумкин.