Боланинг бўйи қанча бўлиши биринчи навбатда ирсиятга боғлиқ, лекин баъзи табиий йўллар билан боланинг бўйини баландроқ бўлишига эришиш мумкин. Бу ҳақда Жанубий Корея мутахассисларининг маълумоти:
Боланинг бўйи ўсишига уч омил билан таъсир қилса бўлади:
1-омил - Овқатланиш.
Оқсилга бой маҳсулотлар (қизил гўшт, тухум ва бошқалар), яшил рангдаги сабзавотлар ва кальций моддасига бой маҳсулотлар(сут ва сут маҳсулотлари, қатиқ ва қатиқ маҳсулотлари, пишлоқ ва ҳоказо) боланинг бўйи ўсишига ижобий таъсир кўрсатади. Боланинг кундалик рационида ушбу маҳсулотлар бўлиши шарт.
2-омил - Ухлаш.
Албатта ҳар бир бола ухлайди, лекин бўй ўсиши учун шунчаки ухлаш эмас, балки чуқур уйқуда бўлиш керак. Уйқу 4 фазадан иборат бўлиб, тун мобайнида бу фазалар ўрин алмашади. Ушбу фазалардан бири чуқур уйқу фазаси бўлиб, шу даврда бўй ўсиши учун жавоб берадиган без фаолияти тезлашиб бўйни ўстирадиган гормон яхши ишлаб чиқарилади. Натижада боланинг бўйи ўсади. Шунинг учун болага чуқур уйқуда бўлиш учун шароит яратиб бериш керак. Кун мобайнида жисмоний активлик бунга асқотади. Компьютер ўйинларини ўйнаш, телевизор кўриш каби машғулотлар чуқур уйқуда бўлишга тўсқинлик қилади.
3-омил - Жисмоний машғулотлар.
Ҳар бир жисмоний машғулот ҳам бўйни ўсишига таъсир қилмайди. Лекин жисмоний машғулотлар ейилаётган кальций моддасини бола организмига сингишига ёрдам бериши ҳақида унутмаслик керак. Бўй ўстириш учун энг керакли машғулотлар - бу пригалкада сакраш, батутда сакраш ва баскетбол ўйинидир. Ҳафтада камида 5 кун, камида 30 дақиқа давомида ушбу машғулотларни бажариш баланд бўйга эга бўлишга ёрдам беради.
Мақола ёққан бўлса, дўстларингиз билан бўлишинг!
Манба: Uzbaby.uz