Бир марталик тагликлар гель ҳосил қилувчи тўлдиргичлар ва юмшоқ материал туфайли, чақалоқ бовул қилганидан кейин ҳам унинг терисини қуруқ ҳолда сақлайди. Тагликлар тарафдорлари улардан фойдаланишдаги оддийликни ва улар бола парваришида яратадиган қулайликларни қадрласа, табиий гигиена тарафдорлари тагликлардан доимий равишда фойдаланиш болага ўзининг табиий эҳтиёжларини тўғри баҳолаш ва бошқаришда халал беришига ишончи комил.
Тагликлар болага зарар келтириши мумкинми?
Кўпинча бир марталик тагликларни доимий равишда тақиш ўғил болаларда бепуштликни келтириб чиқаришидан хавфсирашади, бироқ бу борада аниқ далиллар йўқ; таглик баданга тегиб турган жойларда ҳарорат бироз кўтарилиши мумкин, холос. Аммо, агар таглик узлуксиз тақилса ва камдан-кам ҳолларда алмаштирилса, бу терида қичишишлар ва турли тошмалар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, тагликлар узоқ вақт янгиланмаса, боланинг жинсий органлари ахлат билан шунча кўп алоқада бўлиб туради, натижада турли шамоллашлар юзага келади (айниқса қизларда). Бир—бир ярим ёшдан кейин тагликлар мунтазам ишлатилса, боланинг тувакка ўрганиши жуда секин кечади.
Қандай ҳолларда тагликлардан фойдаланмаган маъқул?
Таглик бола гавдасининг қарийб учдан бир қисмини ёпиб туради, шу туфайли, агар болада юқори ҳарорат кузатилаётган бўлса, у иссиқлик алмашуви нормал кечишига тўсқинлик қилиши мумкин. Ичак фаолияти бузилганида, хусусан, ич суюқ келаётганда, таглик кийиб юриш терига зарар етказиши мумкин. Педиатрлар, шунингдек, бола чала туғилганида дастлабки тўрт—олти ҳафта давомида тагликдан фойдаланмасликни тавсия қилади.
Тагликлар аллергия келтириб чиқариши мумкинми?
Ҳа, агар тагликдан фойдаланганда, боланинг териси қизарса, тошмалар ёки доғлар пайдо бўлса, бу индивидуал кўтара олмаслик ёки контактли дерматит бўлиши мумкин. У ҳолда дастлаб таглик маркасини алмаштириб, махсус кремдан фойдаланиб кўринг, симптомлар ўтиб кетмаса, албатта педиатр билан маслаҳатлашинг. Эҳтимол, бундай ота-оналарга тувакка барвақт ўргатиш усулидан фойдаланишига тўғри келади.
Тагликсиз қандай амаллаш мумкин?
Юқорида айтиб ўтганимиздек, болани тувакка барвақт (чақалоқ туғилганидан кейинги илк ҳафталарданоқ) ўргатиш уни тагликсиз ҳам эплаш имконини бериши мумкин. Бундан ташқари, оддий йўргаклар ёки кўп марталик матоли тагликлардан фойдаланиш мумкин. Нима бўлганда ҳам, бир марталик таглик бола ва онанинг фақат “вақтинчалик” дўсти эканлигини унутманг. Ўз фарзандларини замонавий тагликларсиз катта қилган она-бувилардан маслаҳат олинг.
Тагликлардан тўғри фойдаланиш қоидалари
Авваламбор, тагликни боланинг оғирлигидан келиб чиқиб, катталик бўйича тўғри танланг: одатда ўрамда ҳар бир ўлчам мўлжалланган вазн диапазони кўрсатилади. Тагликни кунига камида беш—олти марта алмаштириш керак, акс ҳолда болада ноқулайлик, қичишиш ва дерматит пайдо бўлиши мумкин. Педиатрлар тери “пишиб” қолмаслиги учун махсус кремлардан фойдаланишни ҳам тавсия этади.
Шунингдек, кун давомида бир неча марта (масалан, ҳар сафар янги таглик кийдираётганингизда) бола учун “ҳаво ваннаси” уюштириш ҳам жуда муҳимдир, бу кундалик чиниқтириш нуқтаи назаридан ҳам бола териси учун жуда фойдали.