Райан – оддийгина беш яшар бола: ўйинчоқ машиналар ўйнашни, уч оёқли велосипедини минишни ва бошқа ўйинларни яхши кўради. Унинг онаси эса, кўпчилик ойижонлар қатори, боласини видеотасвирга олиш ва бу роликларни бошқалар билан баҳам кўришни ёқтиради. Райаннинг ўзгалардан фарқи – унинг кундалик машғулотларини бутун дунё бўйлаб юз миллионлаб кичкинтойлар томоша қилишади, деб ёзади The Verge.
Энг ёш юлдуз
Мазкур оиланинг Ryan ToysReview деб номланган YouTube-канали 2015 йилнинг март ойида яратилган ва бошида унчалик оммалашмаган. Тўрт ойдан кейин унда
Мана, 18 ҳафтадирки, Ryan ToysReview АҚШда энг оммабоп YouTube-канал бўлиб келмоқда, дунё бўйича эса бу борада у иккинчи ўринда. Болакайнинг канали PewDiePie ва Жастин Бибер каби юлдузларнинг, яна BuzzFeed, The Tonight Show ва WWE сингари медиакорпорацияларнинг каналларини ортда қолдирган. Бунақа машҳурлик канал соҳибларига рекламаларнинг ўзи орқалигина ойига миллион долларга яқин даромад келтирмоқда.
«У YouTube тарихидаги энг ёш юлдуздир, – дея таъкидлайди саноат таҳлилчиси ва TubeFilter сайти асосчиси Жош Коэн. – Райан ҳар ҳафтада миллиардлаб марта томоша қилинадиган жанр юлдузидир».
Хўш, қанақа жанр экан?
Ўйинчоқларни шарҳлаб видеотасвирга олиш ва буни YouTube’га юклаш анча олдин ўйлаб топилган. 2013 йилнинг кузида шу иш билан шуғулланувчи энг оммабоп DisneyCollecterBR канали кўришлар сони бўйича кучли ўнликка кирган. Канални ҳеч қачон ўз юзини кўрсатмаган катта ёшли аёл юритарди. У янги ўйинчоқларнинг ўрамини очар ва уларни ўйнар, паст ва юмшоқ овозда гапирар, ҳамиша бир хил ракурсдан суратга оларди. 2014 йилнинг ёзига келиб унинг канали АҚШнинг энг оммабоп каналлари рўйхатида етакчилик қилди.
Видеолавҳаларда болаларнинг ўзлари суратга олина бошлагач, жанр гўёки қайта туғилгандек бўлди. 2015 йил мартда оммавий ахборот воситаларида бир оила ҳақида хабарлар тарқалди: улар ўз болаларининг ўйинчоқ ўйнашларини суратга олиб YouTube’га юклаш орқали пул ишлаб топишар экан. The Guardian ҳисоботига кўра, сайтдаги 100 та энг йирик каналдан 20 таси айнан ўйинчоқлар ҳақида бўлиб, ҳар бири тўрт ярим миллиарддан ошиқ кўрилади. Райан эса аввалига ана шу каби лавҳаларнинг шунчаки томошабини эди.
Юлдузлик сари қадам
«Ўғлимиз ўйинчоқлар шарҳи бериладиган каналларни томоша қилишни яхши кўрарди, айниқса, EvanTubeHD ва Hulyan Maya – чунки улар кўпинча Райан ёқтирадиган Паровозча Томас ҳақида лавҳалар беришарди, – дейди унинг онаси TubeFilter билан суҳбатда. – Бир куни у мендан сўраб қолди: «Нега ҳамма болалар YouTube’га чиқишади, мен эса чиқмайман?» Шундан кейин биз ўйлаб қолдик: ҳа, биз ҳам шундай қилсак-чи? Дўконга бориб, видеоролик учун илк ўйинчоқни сотиб олдик, адашмасам, бу Lego поезд тўплами эди – ҳаммаси шундан бошланди».
Шу тариқа ташкил этилган Райан канали, гарчи катта жанрнинг бир бўлаги бўлса-да, мисли кўрилмаган ютуқларга эришди. Ҳали икки ёшга ҳам тўлмаган Ryan ToysReview канали аллақачон 5,5 млн обуначи тўплаган, бу эса Райан севган иккита каналнинг умумий обуначилари сонидан ҳам кўп.
Айтиш керакки, боланинг онаси суратга олаётган лавҳаларни мутлақо янги жанр, деса бўлади. Унинг хусусиятлари эса маромига етказилган – бола янги ўйинчоқни бевосита ўзи ўрамидан очиб томоша қилади ва ўйнайди. Бунда болакайларнинг беғубор қизиқишлари ҳамда барчага хос бўлган кундалик истеъмол маданияти ўзаро бирлашиб, уйғунлашиб кетган.
Янгича йўналиш
Канал номидан ҳам англаш мумкин – ундаги лавҳаларнинг аксарияти Райан янги ўйинчоқни баҳолашига асосланган. Ўзининг биринчи ролигида болакай айнан шуни қилади – Lego Duplo конструкторини очиб, ундан олган таассуротларини уч ёшли болакайнинг қизиқишлари даражасида, яъни юз ҳаракатлари ва ўйинлари, айрим сўзлари билан ифодалайди. Кичкинтой ўйинчоқ деталларини қутисидан олади ва қизиқиш билан ўйнай бошлайди. Видеолавҳада ҳаракат жуда оз, бир хил ракурс деярли ўн дақиқа ушлаб турилган. Райан хотиржам ўйнайди ва охирида: «Кейинги гал кўришамиз», деб қўяди – бор-йўғи шу.
Бироқ борган сари ўйинчоқларни шарҳловчи бу видеолавҳалар такомиллаша борди: иккинчи ролигида болакай бирданига иккита ўйинчоққа баҳо беради, кейинчалик эса битта роликда ўнлаб ўйинчоқларнинг қутисини очиб, уларни ўйнаб кўради ва таассуротларини гапириб боради. Каналдаги энг кўп – 568 млн марта кўрилган лавҳада Райанга бирданига юзлаб ўйинчоқ беришади. Кичкинтой уларнинг ҳар бирига бир неча сониягина вақт сарфлайди, бирини қўйиб бирини очиб кўради, охирида чала очилган қутилару ўйинчоқлар орасида қийқириб юради.
Болакай тавсия қилади!
Нисбатан янги жойланган видеороликларда энди Райан ўйинчоқларни ўйнашдан кўра кўпроқ уни шарҳлайди. Ўйинчоққа ёки камерага қараб гапириб, қизиқишларини ифодалайди. Шунингдек, томошабинлардан каналга обуна бўлиб қўйишларини сўрайди.
Кўпинча янги лавҳалар номланишида 4-5 тача ўйинчоқ номи кўрсатилади-да, тавсифида юзлаб сўзлар бўлади, уларда маҳсулотлар ва компанияларга йўналтирувчи ҳаволалар жойлаштирилади. Шу тариқа, болакай ўйнаётган ўйинчоқлар реклама қилинади.
Ўйинчоқлар саноатида Райан кабиларга энг катта эътибор қаратилади. «Маҳсулот ҳақидаги роликни ўн, йигирма миллион марталаб кўришади, у болаларга ёқади, бу эса шу ўйинчоқ савдосига жуда катта таъсир кўрсатади, – дейди шарҳлар олиб борувчи Toys, Tots, Pets and More сайти бош директори Жим Сильвер. – Райан эса биз кўрган юлдузлар орасида энг кичик ёшлисидир. Кўпинча шарҳли видеоларда олти ёш ва ундан катта болалар суратга олинади, чунки бу ёшдан улар етарлича сўз бойлигига эга бўлиб, фикрларини батафсилроқ ифодалай олишади».
Реклама бизнесидаги миттивойлар
Сильвер ўзининг қишки шоусида Райан иштирок этиши учун унинг оиласига ҳақ тўлади. Менеджернинг сўзларига кўра, ўйинчоқ ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар кўпинча шоунинг суратга олиш ишларига ҳомийлик қилишади ва оммабоп YouTube-блогерларга маҳсулотларини бепул юборишади.
Ўйинчоқ ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг митти шарҳловчилари орасидаги муносабатлар ҳозирча аниқ тартибга солинмаган. «Бу компаниялар учун янги, жуда истиқболли ва самарали реклама туридир, гарчи қисман онг остига таъсир қилса-да. Ўйлайманки, бундан кейин шунақа йўналишларга кўпроқ дуч келаверамиз», – дейди Motley Fool ўйинчоқлар компанияси саноат таҳлилчиси Жейсон Мозер.
Райаннинг ота-онаси айтишича, видеошарҳлар учун ўйинчоқларни ўзлари сотиб олишар экан. Бироқ унинг отаси TubeFilter’га, канал энди реклама бизнесига кириб боришни режалаштирмоқда. Энди рекламали эпизодлар, АҚШ Федерал савдо комиссияси талаб қилганидек, дисклеймерлар билан пайдо бўлади.
Райан YouTube’ни ҳам ўзгартирди
Бу каби роликлар моҳияти ҳам YouTube’нинг янада глобал мақсадларига мос келади. «Алгоритмдаги ўзгаришлар Ryan ToysReview каналининг муддаоларига мослашди, – дея қўшимча қилади Коэн. – YouTube томоша қилишнинг ўртача давомийлигини узайтириш учун алгоритмни ҳам модификация қилди. Мазкур лавҳаларни кўрувчи болажонлар бу томошага YouTube’нинг ўртача фойдаланувчисидан кўра кўпроқ вақт сарфлашади. Менимча, қўлига интернетга уланувчи қурилма тушиб қолган уч-тўрт яшар болакай видеороликларни кўпроқ ва охиригача кўришади, бу эса YouTube учун айни муддао».
Бошқача айтганда, Райаннинг машҳурлиги катта корпорацияларга ҳам даромад келтираётир. Ҳали YouTube бўлмаган даврларда оддий болакайнинг ўйинларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш ва бирор йирик медиакомпания билан у ёки бу тарзда шартнома тузмасдан туриб, юз миллионлаб томошабинларнинг эътиборини бирор маҳсулотга жалб этиш имкони йўқ эди. Ҳозир эса оддий хонадон ўз уйидан туриб ҳам бу каби бизнес билан шуғулланиши мумкин.
Видеолавҳалар ва кун тартиби
Райаннинг ота-онаси боланинг вақти масаласида ҳам ишга оқилона ёндашишмоқда. Унинг онаси TubeFilter’га бу ҳақда шундай дейди: «Биз одатда ҳафтасига икки-уч марта, ҳар гал 2-3 та видеолавҳани суратга олиб қўямиз ва каналга кунига биттадан ролик юклаймиз. Суратга олиш ишлари боламизнинг боғча вақтига тўғри келмаслигига эътибор қаратамиз – кўпинча дам олиш кунлари видеога туширамиз ва у банд пайтлари лавҳаларни тайёрлаймиз».
Энди мазкур канал нафақат Райан ва ўйинчоқлар ҳақида. Ҳар гал у Диснейлендда ўйнагани, сартарошга боргани, ҳатто касалланиб қолгани ҳам суратга олинади ва каналга жойланади. Буни ҳам миллионлаб томошабинлар кузатишади.
Онасининг айтишича, токи болага роликларда суратга тушиш ёқар экан, буни давом эттираверишади. Аммо ҳамиша эътиборга, камерага ўрганиб қолган болакай буни тўхтатишга кўнармикан? Ота-онаси ҳам, миллионлаб доллар фойда келтираётган бу видеолавҳаларни суратга олишни тўхтатиб қўйиши қийин-ов…
Янги юлдузларни кутинг
Дарвоқе, Ryan ToysReview саҳифасининг «Канал ҳақида» бўлимида ёзилишича, видеолавҳаларда суратга олинган ўйинчоқларнинг аксариятини хайрия ташкилотларига беришар экан.
Кейинги пайтларда каналнинг лавҳаларида ўйинчоқлардан кўра кўпроқ боланинг ўзига, оиласига эътибор қаратилган. Маълум бўлишича, ҳозирда Райан энг ёш юлдуз ҳисобланади, бироқ яқинда видеолари YouTube’га қўйила бошлаган унинг эгизак сингиллари бу «шуҳрат»ни ундан олиб қўйишлари ҳам мумкин.