Биласизми?

Тошкентда француз тилига ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошида француз тилига ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Мазкур қарор Ўзбекистон ва Франция давлатлари ўртасидаги маданият ва таълим соҳаларидаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш, француз тили бўйича чуқур билимга эга бўлган ёшларни вояга етказишга хизмат қилади.

Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Ҳалқ таълими вазирлигининг 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети муассислигида “Француз тилига ихтисослаштирилган мактаб” давлат умумтаълим мактабини таъсис этиш тўғрисидаги таклифларига асосан, янги мактаб ўқувчиларини қабул қила бошлайди.

2019/2020 ўқув йилида мактабнинг 7-8-9-10 синфларига 40 нафардан ўқувчилар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган француз тили ва она тили фанларидан тест синовлари асосида қабул қилинади.

Франция ва бошқа тили ўрганилаётган хорижий мамлакатлардаги мактаблар билан доимий ҳамкорлик ўрнатилади.

Мактабдаги ўқиш жараёнида юқори билим ва салоҳиятни кўрсата олган ўқувчилар ҳамда мактабнинг етакчи педагог-ўқитувчилари учун хорижий мамлакатларда амалиёт ўташ ва малака ошириш курслари ташкил этилади.

Мактаб  битирувчилари давлат намунасидаги умумий ўрта таълим маълумоти тўғрисидаги ҳужжатни олади.